Тошкентда ўтмиш ва келажакка олиб ўтувчи кўприк борлигини биласизми?
Йўл-йўлакай...
Яккасарой туманида кўплаб тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари ҳали яхши билмайдиган бир манзил бор. Бу жой гавжум кентимизнинг яқинлар билан бориб кўриш керак бўлган масканларидан бири саналади.
Гап янги барпо этилган Миллий маданий марказлар павильони ҳақида бўляпти. Бир неча кун аввал ана шу майдон – халқимизнинг дўстлик ва бирдамлик шаҳарчасига йўлим тушди. Ҳа, бу жойни ана шундай номлагим келди.

Юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона оиладек яшаб келмоқда. Шунингдек, 157 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатаётир. Бу ривожланган мамлакатлар учун ҳам кам учрайдиган ҳолат. Бу бир неча асрлик тарихий жараёнлар, бағрикенг маданият ва давлат сиёсатининг изчил йўналиши натижасидир.

Павильон ташкил этилганига ҳали кўп бўлмади. У нафақат экспозиция майдони, балки амалий мулоқот, ижодкорлик, тилларни ўрганиш ва маданий тадбирлар ўтказиладиган марказга айланди. Айни шу даврда ушбу масканга мактаб ўқувчилари, талабалар ва сайёҳлардан иборат минглаб меҳмонлар ташриф буюрди. Катта-катта тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Миллий маданиятлар марказлашган ҳолда намойиш этилаётгани ёш авлодда қизиқиш уйғотмоқда. Турли миллатлар ўртасида мулоқот маданиятини кучайтириб, мамлакатнинг бағрикенг имижини мустаҳкамлаяпти.

Бу Дўстлик боғи ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига туташ ҳудудда барпо этилган йигирма икки миллат уйлари саналади. Ҳар бир уй архитектуранинг ёрқин мозаикасидир. Қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқирд халқларига хос ўтовлар ҳайратингизни оширади. Шу билан бирга корейс, беларус, украин, грек, олмон, дунган, поляк, яҳудий, грузин, арман, татар ва қрим-татар, уйғур, турк, тожик, хитой, рус ва озарбайжон халқларига хос икки қаватли дўстлик уйлари эса ўзига хос эстетик қиёфага эга.
Интерьерлар ҳам ўша халқнинг анъаналарига уйғун ҳолда безатилган. Бу миллий либослар, чолғу асбоблари, тарихий макетлар, декоратив-амалий санъат намуналари орқали ҳар бир миллатнинг руҳи, унинг қадри ва ўзлигига оид муҳим белгиларни намоён қилади.
Эслатиб ўтиш жоиз, павильон айни Наврўз кунлари алоҳида бир муҳит касб этди. Чунки Наврўзнинг ўзи янгиланиш, бирдамлик ва яхшиликка чорлов рамзи. Мана шу умуминсоний ғоялар бу масканда янада жонланди, чунки ҳар бир миллатнинг миллий уйи байрам руҳига хос безаклар билан тўлди.

Давлат раҳбари 21 март куни ушбу павильонга ташриф буюрган эди. Буни маданий хилма-хилликка берилган эътиборнинг қай даражада юқори даражада эканининг амалий тасдиғи дейиш мумкин.
– Ростини айтсам, бу ерга кирганимда ўзимни гўё катта дунёнинг ихчам бир нусхасига саёҳатга чиққандай ҳис қилдим, – деди тожикистонлик сайёҳ Раҳмоналий Шарифзода. – Ҳар бир миллат уйида унинг қалби, маданияти, тарихи яшаб турганини кўрдим. Тожик уйининг миллий руҳ билан безатилгани жуда ёқди. Лекин мени ҳайратга солган асосий нарса халқингизнинг бошқа миллатларга нисбатан шунчалик очиқлиги ва ҳурмати бўлди. Ҳар бир уй бир-бирини тўлдириб турган катта бир мозаиканинг бўлагига ўхшайди. Бу ер тинчлик ва тотувлик қандай бебаҳо неъмат эканини эслатади. Бундай маскан ҳар бир мамлакатда бўлиши керак. Тошкентда ўтмиш ва келажакка олиб ўтувчи, халқларни бирлаштирувчи мана шундай ўзига хос кўприк борлигини танишларимга ҳам етказиш учун кўп суратлар олдим.
Бу павильон қисқа даврда нафақат архитектура намунаси, балки халқларни бирлаштирувчи маърифат даргоҳига айланди. Бундай манзиллар қанча кўп бўлса, бутун минтақа тинчлиги ва барқарорлигига қўшиладиган ҳисса ҳам шунча ортиб боради.
Икром АВВАЛБОЕВ, Ҳасан ПАЙДОЕВ (сурат), ЎзА