“Women in tourism-2026” III Марказий Осиё форуми давом этмоқда
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ташаббуси билан туризм соҳасида фаолият юритаётган аёл тадбиркорларни бирлаштирувчи “Women in tourism-2026” III Марказий Осиё форуми бўлиб ўтмоқда.
Очилиш тадбирида “Тадбиркор аёл” Халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Раджапбай Нуразизов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Жамила Бобоназарова ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни форумнинг очилиши муносабати билан қутлади.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, тадбиркорлар ва бу йўналишда фаолият юритаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида юртимизга келаётган сайёҳлар сони ортиб, бу борада асрлар давомида яқин қўшничиликда, бирга яшаб келган Марказий Осиё халқлари ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланмоқда.
[gallery-29816]
Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва бошқа мамлакатлардан 200 нафарга яқин аёл тадбиркорлар, туризм соҳаси экспертлари, халқаро ташкилотлар ва давлат идоралари вакиллари иштирок этмоқда. Форум туризм соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, янги бизнес алоқалар ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатлари аёл тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, туризм соҳасида инновацион ёндашувларни оммалаштириш, янги туристик маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш ҳамда ҳудудий туристик салоҳиятни халқаро бозорларда кенг тарғиб қилишдан иборат.
Форум доирасида “Марказий Осиё туризмида аёллар: ҳудудий бизнесдан глобал бозорларга” ҳамда “Бизнес ва масштаблаштириш: катта инвестицияларсиз ривожланиш” мавзуларида сессиялар ташкил этилди. Уларда туризм соҳасини ривожлантиришнинг янги моделлари, меҳмонхона бизнеси, wellness-туризм, зиёрат туризми, гастрономик туризм, рақамли маркетинг ва туристик маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, иштирокчилар учун ҳамкорлар ярмаркаси, B2B учрашувлари ва бизнес музокаралар ташкил этилди. Бу эса янги шериклик муносабатларини шакллантириш, инвестициявий ва тижорат ҳамкорлигини кенгайтириш имконини яратди.
Форумнинг иккинчи куни иштирокчилар Қорақалпоғистоннинг туристик объектлари, жумладан, “Қоратеранг” этно-экологик мажмуаси, “Қорақалпоқ этно овули” туристик қишлоғи ҳамда машҳур И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи билан танишиш имкониятига эга бўладилар. Бу тадбирлар ҳудуднинг бой маданий мероси ва туризм салоҳиятини халқаро меҳмонларга кенг намойиш этишга хизмат қилади.
Форум якунида Марказий Осиё мамлакатлари аёл тадбиркорлари ўртасида янги ҳамкорлик келишувларига эришиш, қўшма туристик маршрутлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, туристик оқимни оширишга қаратилган амалий ташаббусларни илгари суриш ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг туристик брендини халқаро миқёсда тарғиб қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва масъул давлат идораларига тақдим этилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.