Тошкент шаҳрида иш ҳақи ундириш, никоҳдан ажратишга оид суд ишлари кўпайгани кузатилди
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Бу саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Жасур Сирожев жавоб берди:
– 2026 йил биринчи чораги давомида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 79 мингга яқин иш кўриб чиқилди. Бу республика судларида кўрилган ишларнинг 17,2 фоизини ташкил этди.
Кўрилган ишларнинг 23 фоизи фуқаролик ишлари, 60 фоизи суд буйруқлари, 16,9 фоизи материаллар, қолгани ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари билан боғлиқ бўлди.

Судлар томонидан кўрилган ишлар таҳлили натижаларига кўра, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан айрим тоифадаги ишлар сонида ўсиш кузатилди.
Хусусан, иш ҳақи ундириш, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар кўпайди. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид, ишга тиклаш, фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги ишларда ҳам ўсиш кўзга ташланди.
Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан шикоят (протест)лар асосида 1 минг 452 иш ҳал қилинди. Бу республика юқори инстанция судларида кўрилган ишларнинг 21,2 фоизини ташкил этди.
Кўрилган шикоят (протест)ларнинг 750 таси апелляция, 386 таси кассация, 316 таси тафтиш инстанциялари, 1 таси эса биринчи инстанция тартибида кўриб чиқилди.
Апелляция ва кассация инстанцияларида шикоят (протест)лар асосида кўрилган 1 минг 135 ишнинг 69,3 фоизи ўзгаришсиз қолдирилган, 9,6 фоизи ўзгартирилган ҳамда 21,1 фоизи бекор қилинган.
Тафтиш инстанциясида шикоят (протест)лар асосида кўрилган 316 ишнинг 88,3 фоизи ўзгаришсиз қолдирилган, 9,2 фоизи бекор қилинган ҳамда 2,5 фоизи ўзгартирилган.
Никоҳдан ажратиш ҳақида 2 минг 284 фуқаролик иши кўрилган. Кўрилган ишларнинг 47,6 фоизи қаноатлантирилди. 38,1 фоизи рад қилинган бўлса, 13,4 фоизи кўрмасдан қолдирилди.
Шу даврда тарафларни ўзаро яраштириш чораларини кўриш ҳолати 52,4 фоизни ташкил этган.
Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан эксперимент тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида “Оила судьялари” ташкил этилди.
Мақсад оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириб, оилавий низоларни ўз вақтида ва сифатли ҳал этилишини ҳамда ягона суд амалиётини таъминлаш орқали оила мустаҳкамлигини таъминлашга эришиш.
Судлар томонидан ишларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари бузилган ҳолатлар бўйича 351 хусусий ажрим чиқарилиб, белгиланган тартибда ижро қилиш учун тегишли ташкилотларга юборилди. Бундан ташқари, судлар томонидан 377 марта ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.
Аҳолидан мазкур судларга 1 минг 883 мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг барчаси қонуний тартибда кўриб чиқилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА