Ўзбекистон ва Россия: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик кучайтирилади
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Россия Федерацияси Олтой ўлкаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Антон Васильев билан учрашди.
Мулоқот чоғида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, пенсия тайинлашда меҳнат стажи ва иш ҳақини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бошқа долзарб йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

2025 йилда Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасида 2025 - 2026 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” имзоланган.
Ушбу ҳужжат доирасида ҳар икки давлат ҳудудида яшаётган фуқароларнинг мурожаатларини ҳамкорликда ўрганиш, уларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича амалий чораларни кўриш назарда тутилган.
Томонлар мазкур механизм фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим амалий аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, трансчегаравий хусусиятга эга ижтимоий-ҳуқуқий масалалар юзасидан ўзаро ахборот алмашинувини янада кучайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА