“Тилсим”даги кўнгил кечинмалари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида шоира ва фотожурналист Назира Боймуродованинг “Тилсим” шеърий тўплами тақдимоти бўлиб ўтди. Ижодкорнинг турли йилларда яратган фотосуратларидан иборат кўргазма ҳам тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
“Қанот” лойиҳаси доирасида “Янги китоб” нашриётида чоп этилган тўпламдан 250 га яқин шеър ўрин олган. Уларда инсоннинг ўзини англаши, ҳаёт синовлари, меҳр ва садоқат, Ватан ҳамда ота-онага муҳаббат каби мавзулар қаламга олинган.
“Тилсим”да шоиранинг ҳаёт ҳақидаги мушоҳадалари, инсоннинг руҳий олами ва қалб кечинмалари турли образ ва туйғулар орқали ифодаланади. Назира Боймуродова талқинида инсоннинг ўзи ҳам бир тилсим — ҳаёт синовлари жараёнида қалбидаги нозик туйғуларни асраб, яхшилик ва гўзалликка интиладиган сирли ва бетакрор оламдир. Тақдимотда ижодкорнинг кўп қиррали фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-31010]
— Назирани Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетига кириш имтиҳонларида, аниқроғи, ижодий синов топшираётган кезларидан танийман, - дейди таниқли журналист, таржимон ва шоир, “Олтин мерос” хайрия жамғармаси раиси Амирқул Каримов. — Ижодкорлик қобилияти билан абитуриентлик пайтидаёқ эътиборга тушган Назира кейинчалик журналистика, телевидение, фотожурналистика ва шеърият соҳаларида ўз ўрнига эга бўлди.
Дарҳақиқат, Назира Боймуродова ижодий фаолияти давомида журналистика, телевидение, фотожурналистика ва шеърият йўналишларида самарали изланиб келмоқда. У журналист сифатида мақолалар ёзди, телевидениеда кўрсатувлар тайёрлади ва бошловчилик қилди, фотожурналист сифатида ижодий ишларини намойиш этди. “Тилсим” эса унинг шеъриятдаги изланишларининг навбатдаги самарасидир.
Тўпламдаги шеърларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири — фикрнинг содда ва самимий ифода этилишидир. Шоира мураккаб кечинмаларни ўқувчига яқин тилда баён этишга интилади. Инсон ҳаётидаги зиддиятлар, жамиятда учрайдиган айрим иллатлар, хусусан, ёлғон, иккиюзламачилик, бевафолик ва нафсга берилиш каби ҳолатлар ҳам ижодкор нигоҳидан четда қолмаган.
Аёл тақдири билан боғлиқ мавзулар тўпламда алоҳида ўрин тутади. Шоира ҳаёт синовлари ва инсон тақдирига оид кечинмаларни шахсий тажриба доирасидан чиқариб, уларнинг маънавий-ижтимоий моҳиятини очишга ҳаракат қилади.
Ота-она ва Ватан мавзулари ҳам “Тилсим”нинг салмоқли қисмини ташкил этади. Шеърларда фарзандлик меҳри, беғараз муҳаббат, яқинларга муносабат, юртга садоқат ва миллат олдидаги масъулият туйғулари ўзаро уйғунлашган.
Шу маънода, “Тилсим”ни нафақат шеърлар жамланмаси, балки инсонни ўз қалби ва кечинмалари ҳақида мушоҳада юритишга ундайдиган ижодий асарлар тўплами сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Назира Боймуродованинг ижодий фаолияти қатор ютуқлар билан бой. У 2006 йилда “Келажак овози” республика танловининг “Бадиий ижод” номинацияси публицистика йўналишида ғолиб бўлган. 2017 йилда “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг телевидение йўналишида биринчи ўринни эгаллаган. 2025 йилда эса мазкур танловнинг фото йўналишида иккинчи ўринга сазовор бўлган.
Ижодкорнинг “Энди фақат кулиб яшайман” китоби 2011 йилда нашр этилган. “Уйғон Турон, Уйғон Туркистон” шеърий тўплами ҳам ўқувчиларга тақдим этилган. Унинг айрим шеърлари турк, туркман ва озарбайжон тилларида ҳам чоп этилган.
“Тилсим” тақдимоти доирасида ташкил этилган фотокўргазма ижодкорнинг сўз ва тасвир воситасида инсон ҳамда ҳаётнинг турфа қирраларини акс эттиришга интилишини намоён этди.
Зеро, шеърда сўз, фотосуратда нигоҳ орқали инсоннинг ички олами ва атрофидаги воқеликни турлича англаш мумкин. “Тилсим”нинг ўзига хослиги ҳам ана шу икки ижодий нигоҳнинг уйғунлигида намоён бўлади.
Камола Юсупова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА