Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясининг илк ғолиблари тақдирланди
Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясининг илк ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур давлат стипендияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 июлдаги тегишли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 ноябрдаги 690-сон қарорига мувофиқ таъсис этилган. Стипендия ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, санъат соҳасидаги изланишлари ва эришган ютуқларини муносиб рағбатлантиришга қаратилган.

Танлов якунига кўра, санъат ва маданият соҳасида ўз иқтидори, изланиши ва фаоллиги билан алоҳида ажралиб турган 6 нафар талаба Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясининг илк ғолиблари деб топилди.
Қуйидаги ёшлар Ботир Зокиров номидаги давлат стипендияси соҳиблари саналади:
Мустаров Музроб Шерзодович — Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти 4-босқич талабаси, «Эстрада хонандалиги» йўналиши;
Назаров Акрамжон Абдулҳаким ўғли — Фарғона давлат университети 3-босқич талабаси, «Вокал санъати» йўналиши;
Ермакова Мелания Александровна — Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти 3-босқич талабаси, «Эстрада чолғу ижрочилиги» йўналиши;
Эрдашбаева Севара Шуҳратовна — Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали 4-босқич талабаси, «Чолғу ижрочилиги» йўналиши;
Чаманова Гулшода Абдураҳмон қизи — Қарши давлат университети 3-босқич талабаси, «Санъатшунослик» йўналиши;
Абдукаримов Жавоҳир Собиржон ўғли — Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти 4-босқич талабаси, «Техноген санъат (мусиқий овоз режиссёрлиги)» йўналиши.
Тантанали маросимда стипендиянинг илк соҳибларига маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев ҳамда вазир ўринбосари Санжар Бобожонов томонидан диплом ва мукофотлар топширилди.

Ботир Зокиров номи билан аталган мазкур давлат стипендияси — ўзбек санъатига муносиб ҳисса қўшишга интилаётган ёш авлод учун юксак эътироф ва катта рағбат.
Н.Усмонова, ЎзА