Тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорлик
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси учун таълим амалиёти раҳбари Рита Алмеида, таълим масалалари бўйича бош мутахассис Ив Жанетс ҳамда мутахассис Виктория Бабахўджаева Урганч давлат тиббиёт институтида бўлди.
Халқаро ҳамкорлик доирасидаги ташриф давомида меҳмонлар институт раҳбарияти билан учрашиб, таълим тизимини ривожлантириш, халқаро тажрибаларни жорий этиш ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан музокаралар олиб борди.

Шунингдек, меҳмонлар институтнинг ўқув, илмий ва амалий фаолияти билан яқиндан танишиб, мавжуд шароитлар ҳамда яратилган имкониятларга юқори баҳо берди.

– Асосий мақсадимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ҳамда тиббий таълим сифатини оширишда келгуси қадамларни белгилаб олишдир, – дейди Виктория Бабахўджаева. – Урганч давлат тиббиёт институтида бўлиб, очиғи ижобий маънода ҳайратландик. Бу ерда нафақат моддий-техник база, балки таълимга бўлган инновацион ёндашув, халқаро стандартларга интилиш кучли эканлиги кўриниб турибди. Яратилган шароитлар талабаларнинг сифатли билим олиши учун тўла мос келади.

Учрашув давомида таълим сифатини ошириш, инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш ва халқаро лойиҳаларда ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА