“Шараф лентаси” – хотира, эҳтиром ва тинчлик рамзи
9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” олдидан Андижон вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ўзбекистон Болалар ташкилоти вилоят бўлими фаоллари ташаббуси билан Андижон шаҳридаги Экопаркда “Шараф лентаси” тарғибот акцияси ўтказилди.
Тадбирда юртимиз тинчлиги, осойишталиги, бугунги фаровон ҳаётга эришиш йўлида хизмат қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш, нуронийларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдек эзгу ғоялар тарғиб этилди.


– Мазкур тадбирда юртдошларимиз, кўкракларига Ўзбекистон Республикаси байроғи акс этган ленталарни тақиб чиқди. Биз ёшлар, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз учун дуогўй кексаларимиз, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига ҳар қанча ҳурмат-эҳтиром кўрсатсак камлик қилади. Акция ҳар қандай инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаёт эканлиги, хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий қадриятларни қалбимизга муҳрлаб, ўзлигимизни англашга ёрдам берувчи муқаддас туйғу эканлигини яна бир бор кўрсатди, – дейди Болалар ҳаракати Андижон вилояти бош сардори Фирдавс Маннопов.


Ёшларнинг ушбу ташаббуси ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, тинчлик қадрини чуқур англаш ҳамда тарихий хотирани асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.