Танловда изланувчан ёшларнинг энг яхши ғоялари сараланди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловининг Сурхондарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловда унинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган истеъдодли, иқтидорли изланувчан йигит-қизлар ўз ғоя ва ишланмалари билан қатнашди.

Мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янада ривожлантириш, олис ва чекка ҳудудларда яшаётган йигит-қизларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш, инновация ғояларини амалиётга жорий этиб, жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур тадбир ҳам ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилгани билан ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Жорий йилги танловнинг қуйи ва вилоят босқичида 75 нафар изланувчан йигит-қиз ўзининг ижтимоий-гуманитар, техника, ахборот технологиялари, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, биотехнология каби йўналишлардаги илмий ишланмалари ва инновацион ғоялари билан иштирок этди. Улар орасидан 20 нафар энг яхши инновацион ғоя ва ишланмаларнинг ёш муаллифлари танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Ғолиблар сафида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетининг уч нафар талабаси ҳам бор.

– Танловда “Сохта аммофосни аниқлаш учун тестер тўплами” мавзуидаги лойиҳам билан мамлакат босқичида қатнашишга йўлланма олдим, – дейди Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети талабаси Ҳулкар Абдузоирова. – Маълумки, ҳақиқий аммофос турли қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан, ғўзанинг илдиз тизимини ривожлантириш учун зарур фосфор билан таъминлайди. Ҳосилдорликни оширишга кўмаклашади. Агар бу ўғит сохта бўлса, илдизни ривожлантириб, ҳосилдорликни ошириш ўрнига аксинча ернинг унумдорлигини пасайтиради. Озуқа элементлари етишмайди. Экин ўсиши секинлашиб, кутилган ҳосил олинмайди. Бу ғоя қишлоқ хўжалигида ўсимликларнинг ўсишига ёрдам бериб, ҳосилнинг шаклланишини тезлаштирадиган ишончли ўғит билан озиқлантиришда жуда қўл келади.

Танлов ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири