“Таълим ва касб – 2026”: ёшлар учун янги имкониятлар
Бухоро вилоятида ёшларнинг билим олиши, замонавий касб эгаллаши ва келажак ҳаёти учун тўғри йўналиш танлашига хизмат қилувчи нуфузли “Таълим ва касб – 2026” халқаро кўргазмаси юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур кўргазма Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги кўмагида жорий йилнинг 13 апрелидан 16 майига қадар мамлакатимизнинг 12 та шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Бухорода бўлиб ўтган ушбу тадбир дунёнинг етакчи университетлари, таълим марказлари ва юзлаб бухоролик абитуриентларни бир майдонда жамлади. Кўргазманинг асосий мақсади мактаб ўқувчилари, талабалар, битирувчилар ва уларнинг ота-оналарига таълим йўналиши ҳамда келажак касбини танлашда амалий кўмак беришдан иборатдир.
Бугунги кунда ёшлар олдида турган энг муҳим масалалардан бири рақобатбардош билим олиш ва меҳнат бозори талабларига мос мутахассис бўлиб етишишдир. Шу нуқтаи назардан, мазкур кўргазма иштирокчилар учун жуда катта имкониятлар майдонига айланди. Ташриф буюрувчилар турли мамлакатлардан келган университет ва коллежлар вакиллари билан бевосита мулоқот қилди, қабул шартлари, грант ва стипендия дастурлари, халқаро таълим тизими ҳамда талаб юқори бўлган мутахассисликлар ҳақида батафсил маълумот олди.
Кўргазма давомида иш берувчилар томонидан юқори баҳоланадиган кўникмалар, замонавий касблар ва халқаро карьера имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Бу эса ёшларга ўз иқтидори ва қизиқишига мос йўналишни аниқлашда муҳим дастуруламал бўлди.
“Таълим ва касб – 2026” кўргазмасида дунёнинг турли мамлакатларидан олий таълим муассасалари иштирок этди. Жумладан, Германия, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Туркия, Қозоғистон, Малайзия, Озарбайжон, Беларусь, Грузия ва бошқа давлатларнинг нуфузли университетлари ўз имкониятларини тақдим этди.
[gallery-28857]
Кўргазманинг аҳамиятли жиҳатларидан бири шундаки, у фақат хорижда ўқиш имкониятларини эмас, балки мамлакатимиздаги замонавий олий таълим муассасалари, янги йўналишлар ва ички таълим бозоридаги имкониятларни ҳам кенг тарғиб қилди. Бу эса ёшларга Ўзбекистонда туриб ҳам сифатли таълим олиш мумкинлигини яна бир бор намоён этди.
Бухорода ўтказилган “Таълим ва касб – 2026” халқаро кўргазмаси ёшларнинг келажакка ишончини мустаҳкамлаш, уларни тўғри касб танлашга йўналтириш ва халқаро таълим имкониятларидан бохабар этишда муҳим аҳамият касб этди. Бундай тадбирлар мамлакатимизда инсон капитали ривожи, билимли ва рақобатбардош авлодни тарбиялаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.