Тадбиркорликка кенг йўл очаётган янги имкониятлар
Бугун тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, бизнес вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда улар учун яратилган имтиёз ва енгилликлардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида кичик ва ўрта бизнес субъектлари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда Оҳангарон шаҳри ва тумани, Олмалиқ ҳамда Ангрен шаҳарларида фаолият юритаётган тадбиркорлар, Тошкент вилояти солиқ бошқармаси раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек, ҳудудий солиқ инспекциялари вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида Президентимизнинг 2026 йил 27 августдаги “Тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар, тадбиркорлик субъектлари учун жорий этилаётган янги имконият ва енгилликлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йиллик мораторий жорий этилгани, такрорий текширувларни ўтказишда Бизнес-омбудсман рухсати талаб этилиши, шунингдек, “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” тамойили асосида айрим ҳолатларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун 10 кунлик муддат берилиши тушунтирилди.

Шунингдек, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун жорий этилган “Иккинчи имконият” иқтисодий амнистияси доирасидаги имтиёзлар ҳам тадбиркорлар эътиборига ҳавола қилинди. Жумладан, солиқ қарздорлигини белгиланган муддатларда бартараф этиш, айрим ҳолларда пеняларни ҳисобдан чиқариш, солиқ ҳисоботларида йўл қўйилган хатоларни мустақил равишда тузатиш тартиблари ҳақида маълумот берилди.
Очиқ мулоқотда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда назорат тадбирларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан мутахассислар томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

Тадбиркорлар ўз фаолияти давомида дуч келаётган масалалар юзасидан мутахассисларга мурожаат қилиб, уларни ҳал этиш тартиби ва амалдаги қонунчилик талаблари бўйича батафсил жавоб ҳамда тавсиялар олди.
А.Мусаев,ЎзА