Жеймисон Грир: Ўзбекистон келажакка ишонч билан қадам ташламоқда
АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф чоғида делегация Ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий мероси, ўзбек халқи тарихий илдизлари ҳамда мамлакатнинг маданий тараққиётини акс эттирувчи ноёб экспонатлар билан танишди.
Меҳмонларга муқаддас Усмон мусҳафи ҳам намойиш этилди. Жаноб Грир марказ ҳақидаги таассуроти билан ўртоқлашар экан, мажмуа Ўзбекистоннинг тарихий хотираси ва миллий ўзига хослигини чуқур ифода этишини таъкидлади. Марказ барпо этилишида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси муҳим аҳамият касб этганини алоҳида қайд этди.
[gallery-30086]
Унинг фикрича, мазкур лойиҳа халқ, айниқса ёш авлод мамлакатнинг тарихи, илдизлари ва келажакдаги имкониятини англашига хизмат қилади.
Табиийки, юқори мартабали меҳмон икки мамлакат ўртасидаги алоқалар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини ҳам эътироф этди.
– Ҳозир Вашингтон – Тошкент муносабатида ҳақиқий ўсиш кузатилмоқда, – дейди Жеймисон Грир. – Зеро, изчил ҳамкорлигимиз улкан мақсадга йўналтирилган. Ўзбекистон иқтисодиётини дунёга очиб, хорижий сармоя учун беқиёс имконият тақдим қилмоқда. Келгусида давлатларимиз шериклиги янада ривожланиши шубҳасиз.
АҚШ Савдо вакили фикрича, иқтисодий очиқликни таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар Янги Ўзбекистон тараққиёти учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Дилшод Ҳакимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА