Сув ресурсларини тежаш билан боғлиқ вазифалар истиқбол учун хизмат қилади
Бугун дунёдаги кўплаб давлатлар сув етишмовчилиги муаммосига дуч келмоқда. Ер юзида аҳоли сонининг ортиб бориши чучук сув захираларига бўлган талабни тобора оширди. Сув захираларини яратиш ва сув ресурсларини тежаш каби вазифалар замонавий давлатларнинг энг муҳим мақсадларидан бирига айланмоқда.
Ҳозирда бир қатор нуфузли ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жаҳонда сув ресурслари етишмовчилиги муаммосининг олдини олишни ўз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган.
БМТ ва Жаҳон Банки каби халқаро ташкилотларнинг таҳлилларига кўра, 2050 йилга қадар Марказий Осиё аҳолиси сони 100 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бунда энг кўп аҳолига эга бўлувчи давлат сифатида Ўзбекистон (тахминан 50 миллион киши) эътироф этилмоқда. Aҳоли сонининг ошиши эса, сув ресурсларига бўлган эҳтиёжни ҳам оширади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон йиллик сув ресурсларининг 80 фоизини қўшни давлатлар ҳудудидан кириб келувчи трансчегаравий дарёлар орқали олади. Қолган 20 фоизи эса мамлакат ҳудудида шаклланади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2030 йилга бориб юртимиз 7 миллиард метр куб сув етишмовчилиги муаммосига дуч келиши мумкин.
Шу боис мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаши белгиланган. Сўнгги йилларда қабул қилинган бир қатор стратегик ҳужжатларда ҳам сув ресурсларини тежаш ва сувдан оқилона фойдаланиш бўйича алоҳида мақсадлар белгилаб олинди.
Хусусан, 2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида бир қатор мақсадлар ва “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг 3-йўналиши сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланди. Ушбу вазифаларнинг мантиқий давоми сифатида Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2025 йилга “Aтроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб ном берилди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бундай қарорларнинг қабул қилиниши Ўзбекистон глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарларни чуқур англаётганидан ҳамда сув захиралари камайиб бориши оқибатларининг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўраётганидан далолат беради.
2025 йилда сув ресурсларини тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш вазифаларини аниқ белгилаш мақсадида “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириладиган ишларга оид Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб таъкидлашимиз мумкин-ки, унда юртимиз равнақи ва аҳолимиз фаровонлигини таъминлаш мақсадида сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгиланди. Хусусан, 2025-йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасининг 3-йўналиши “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” деб номланди ҳамда мазкур йўналишда 10 дан ортиқ бандлар айнан сув ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, аҳолига хавфсиз ва сифатли сув йетказиб бериш масалаларига бағишланди.
Белгиланган вазифалар қаторида ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни жадаллаштириш ва маҳаллий корхоналарнинг сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш қувватларини ошириш каби мақсадларга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мақсадлар доирасида йил давомида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича талабгорлар кесимида манзилли рўйхатларни тасдиқлаш, унга асосан талабгор ва пудрат корхоналар ўртасида махсус платформа орқали шартномалар расмийлаштириш ва молиялаштиришни амалга ошириш, сув тежовчи технологияларга бўлган талаб ва эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда маҳаллий корхоналарнинг йиллик қувватини камида 300 минг гектарга етказиш назарда тутилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда сувдан оқилона фойдаланишнинг энг самарали йўли сифатида сув ресурсларини тежовчи технологиялардан фойдаланиш кенг қўлланилмоқда. Бу борада Исроил, Туркия, Испания ва Хитой каби давлатлар дунёда етакчилик қилмоқда. Қолаверса, сувни тежовчи технологияларни оммалаштириш масалаларига БМТ, Жаҳон Банки, Европа Иттифоқи ва бошқа шу каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва сувдан оқилона фойдаланишни таъминлашда рағбатлантирувчи механизмларни қўллашга ҳам урғу берилди. Бунда ўз фаолиятида экологик мезонларга риоя қилган тадбиркорлик субъектларини “яшил тадбиркор” сифатида эътироф этиш ва уларга “Шаффоф қурилиш” платформасида устуворлик бериш, белгиланган муддатларда экологик текширувлардан озод этиш ва уларнинг халқаро бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш, барқарорлик рейтингида қўшимча балл бериш каби янги механизмларни жорий этиш мақсад қилинди.
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш мумкин-ки, йил давомида сув ресурсларини тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ давлат сиёсатининг самараси беқиёс бўлаверади. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиз аҳолисига хавфсиз ва сифатли сув ресурслари етказиб беришни кафолатлайди.
Aмирбек КЕНЖAЙЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
Давлат бошқаруви кафедраси ўқитувчиси.
ЎзА