Суперлига: Бухорода марказий учрашув ўтказилади
Бугун, 22 апрель куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 9-тур учрашувларига старт берилади. Турнинг илк кунидан ўрин олган «Сурхон» — «Машъал» жамоалари баҳси соат 18:00 да «Сурхон Арена» стадионида бошланади. «Бухоро» — «Пахтакор» тўқнашуви соат 20:15 да старт олади.
«Бухоро» — «Пахтакор» клублари баҳсига қизиқиш юқори бўлгани боис, жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикасини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
Чемпионатлар тарихида ушбу жамоалар 62 бор ўзаро тўқнаш келган бўлиб, уларда 46 маротаба "Пахтакор" ғолиб бўлган. "Бухоро" эса 7 беллашувда ғалаба қозонган. Қолган 9 та ўйин дуранг билан якунланган. Пойтахт клуби рақиб дарвозасини 146 бор ишғол этиб, 38 та гол ўтказган. Айни дамда «Пахтакор» очколарини 21 тага етказган ҳолда мусобақа пешқадами бўлиб турибди. «Бухоро» эса 14 очко жамғариб, 5-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон Суперлигаси 9-туридан ўрин олган бошқа учрашувлар ҳақида. 23 апрель куни ушбу тур доирасида «Насаф» — «Локомотив» (19:00, «Истиқлол»), «Навбаҳор» — «Сўғдиёна» (19:00, «Олимпия»), «Динамо» — ОКМК (20:15, «Динамо») учрашувлари ўтказилади. Турнинг сўнгги кунида «Хоразм» — «Нефтчи» (19:00, «Хоразм СМ»), «Қизилқум» — «Қўқон-1912» (19:00, «Ёшлар СМ») ва «Бунёдкор» — «Андижон» (20:15, «Бунёдкор») учрашувларига гувоҳ бўламиз.
Мазкур турда «Бухоро» — «Пахтакор» ҳамда «Хоразм» — «Нефтчи» баҳслари алоҳида эътибор марказида бўлади. Шунингдек, «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» жамоалари ҳам ўз майдонида муҳим очколарни қўлга киритишга интилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА