Никита Светков — “Fergana Grand Prix” ғолиби
Фарғона шаҳрида велошоссе бўйича ўтказилган “Fergana Grand Prix” халқаро турнири ўз якунига етди. Мусобақанинг ҳал қилувчи босқичлари Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли кечди.
Эркаклар ўртасидаги иккинчи босқич пойгасида ҳамюртимиз Никита Светков марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. У 141 километрлик масофани 3:25:41 вақт ичида босиб ўтиб, босқич ғолиблигини қўлга киритди.
Якуний натижаларга кўра энг юқори кўрсаткични қайд этган Светков умумий ҳисобда ҳам мусобақа ғолиби сифатида эътироф этилди. Иккинчи ўрин испаниялик Хуан Лозанога насиб этган бўлса, белоруссиялик Роман Тишков кучли учликни якунлаб берди.

Аёллар ўртасида ўтказилган “Fergana Grand Prix Ladies” мусобақасида Хитойнинг “XDS CHINA” жамоаси вакили Хао Занг умумий ҳисобда зафар қучди. Қозоғистон терма жамоаси аъзоси Рината Султанова пойга давомида пешқадамлик қилган бўлса-да, умумий натижаларга кўра иккинчи ўрин билан кифояланди. Учинчи ўрин эса унинг жамоадоши Хайсин Дунга насиб этди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Янина Кускова мусобақа якунида тўртинчи поғонани банд этди. Шунингдек, ҳамюртларимиз Шаҳноза Абдуллаева ҳамда Моҳинабону Элмуродова ҳам кучли ўнталикдан жой олди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА