Стол тенниси: U17 ёш тоифасида мамлакат чемпионлари аниқланди
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг марказий залида U17 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати энг иқтидорли кичик ракетка усталарини аниқлаб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Беш кун мобайнида кечган шиддатли беллашувларда ёш спортчилар ўз маҳорати, тезкорлиги ва ғалабага бўлган иродаларини кўрсатди.
Яккалик, жамоавий, жуфтлик ва аралаш жуфтлик йўналишларида ташкил этилган баҳслар сарҳисобига кўра, ўғил ва қиз болалар ўртасида Тошкент вилояти вакиллари Диёр Дилшодов ва Аружан Камалова чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди.

Совринли ўринлар Хуршид Аҳмедов, Шаҳбоз Ғуломиддинов, Темур Нурмонов, Аделина Ҳасанова, Асел Эркебаева, Дилнавоз Амановаларга насиб этди.
Чемпионатнинг жуфтлик баҳсларида Озод Қаҳҳоров/Адиз Музаффаров (Самарқанд) ўғил болалар, Элеонора Шириева/Одина Арслонова (Андижон) қизлар мусобақасида, шунингдек, Садриддинов/Азимова (Наманган) аралаш жуфтлик ўйинларида тенгсиз бўлди.

Жамоавий мусобақаларнинг ўғил болалар йўналишида Қорақалпоғистон Республикаси теннисчилари, қизлар орасида эса Андижон олимпия ва паралимпия спорт турлари маркази вакиллари чемпионлик мақомига эришди. Совринли ўринларни Фарғона, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Жиззах жамоалари қўлга киритди.
Т.Рўзиев, ЎзА