Спорт ва саргузаштни бирлаштирган халқаро марафон
Юртимизда туризм ва спорт соҳасида яна бир йирик лойиҳа – “Искандар Зулқарнайн изидан” халқаро марафонига старт берилди. Ушбу ноёб марафон Навоий ва Самарқанд вилоятларини қамраб олган бўлиб, тахминан 200-250 километр масофани ўз ичига олади.
Марафон Сентоб қишлоғидан бошланди.
Мазкур марафоннинг ўзига хослиги шундаки, у спорт, туризм ва саргузаштни бирлаштирган ҳолда ташкил этилган.

Йўналиш Нурота, Конимех ва Қўшработ туманлари орқали ўтади. Ушбу ҳудудлар чўл, тоғ ва кенг текисликлардан иборат бўлиб, экологик туризм учун жуда қулай шароит яратади. Шу боис, иштирокчилар нафақат ўз жисмоний имкониятларини синовдан ўтказади, балки бетакрор табиат манзараларидан завқ олиш имконига ҳам эга бўлади.
Марафон давомида қатнашчилар ҳудудда жойлашган муқаддас қадамжолар ва қадимий тарихий обидалар билан яқиндан танишади. Бу эса тадбирнинг маънавий ва маданий аҳамиятини янада оширади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу халқаро марафон кенг географияга эга. Унда АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Франция, Япония каби давлатлардан келган спорт ва саргузашт ихлосмандлари иштирок этмоқда. Турли миллат вакилларини бирлаштирган мазкур тадбир дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бардошлилик рамзига айланмоқда.
Марафон маршрути Александр Македонский (Искандар Зулқарнайн) номи билан боғлиқ тарихий ҳудудлардан ўтиши билан ҳам аҳамиятлидир. Хусусан, Нурота ҳудудида жойлашган Чашма мажмуаси ва ундаги қадимий Нур қалъаси ушбу тарихий шахс номи билан боғлиқлиги билан машҳур.

“Искандар Зулқарнайн изидан” халқаро марафони нафақат спорт тадбири, балки мамлакатимизнинг бой табиати, тарихи ва туризм салоҳиятини жаҳонга намоён этувчи муҳим платформа сифатида ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, у соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, экстремал ва спорт туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири