Соғлом ҳаёт сари янги қадамлар
Президент топшириғи амалда
Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 7 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифа сифатида белгиланди.
Йиғилишда давлат раҳбари спорт нафақат мусобақа ва ғалабалар майдони, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини юксалтирувчи муҳим ижтимоий куч эканини алоҳида таъкидлади. Ана шу эзгу ғоялар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли амалий ишлар йўлга қўйилди.
Шу муносабат билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида Бухоро давлат педагогика институти ташаббуси билан оммавий юриш-марафони ҳамда спорт-соғломлаштириш тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.
Тадбир эрта тонгда Бухоронинг тарихий ва бетакрор Арк қўрғони майдонида бошланди. Бу ерда Бухоро давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда турли ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилди.
Кўтаринки руҳ ва юқори кайфиятда ташкил этилган машғулотлар иштирокчиларга кунни тетиклик билан бошлаш, жисмоний фаолликни ошириш ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш муҳим эканини яна бир бор англатди. Самимий муҳит, жамоавийлик ва бирдамлик руҳи тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди.
– Бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашда спортнинг ўрни беқиёс, – дейди тадбирда иштирок этган Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Маъмуров. – Спорт инсонни нафақат жисмонан бақувват қилади, балки, унда ирода, интизом, сабр-тоқат ва ғалабага интилиш фазилатларини шакллантиради. Биз таълим муассасаси сифатида талабаларимизни билимли, маънавиятли ва соғлом инсонлар қилиб тарбиялашни устувор вазифа деб биламиз.
[gallery-29016]
Эрталабки машғулотлардан сўнг оммавий юриш-марафонига старт берилди. Марафон Арк қўрғони олдидан бошланиб, Бухоронинг яна бир машҳур тарихий маскани Лаби ҳовуз мажмуасига қадар давом этди. Ушбу йўналиш иштирокчиларга нафақат жисмоний фаолликни намоён этиш, балки қадимий ва навқирон Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси бағрида соғлом турмуш тарзининг мазмун-моҳиятини янада чуқур ҳис этиш имконини берди.
Бухорода ўтказилган мазкур спорт байрами нафақат жисмоний фаоллик тарғиботи, балки аҳоли ўртасида соғлом турмуш маданиятини шакллантириш, ёшларда юксак руҳ ва бирдамликни кучайтиришга хизмат қилди. Бу каби тадбирлар мамлакатимизда янги Ўзбекистон ғояси асосида соғлом, билимли ва фидойи авлодни тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.