Солиқ интизомини мустаҳкамлаш долзарб вазифа
Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётни янада шаффофлаштириш, яширин айланмаларни қисқартириш ҳамда солиқ интизомини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бирига айланган.
Бухоро вилояти солиқ органлари томонидан ноқонуний фаолият ва яширин иқтисодиёт ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, рақамли технологиялар ва электрон маълумот алмашиш тизимларидан самарали фойдаланиш орқали қатор қонунбузилишлар ўз вақтида фош этилмоқда.

Жумладан, Вобкент тумани Арабхона маҳалласида паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркор ўз фаолиятини расман тўхтатгандек кўрсатиб, аслида бизнесини яширин равишда давом эттиришга уринган. Бироқ, электрон кузатув тизимлари орқали ўтказилган таҳлиллар натижасида корхонанинг электр энергияси сарфи аввалги ойларга нисбатан ўзгармагани аниқланди. Бу ҳолат тадбиркорнинг фаолиятини яширин тарзда олиб бораётганини кўрсатди. Натижада у ўз хатосини тан олиб, қонуний фаолиятини тиклаш чораларини кўрди.
Яна бир ҳолатда эса, тумандаги умумий овқатланиш корхоналаридан бири ҳисоботида 10 нафар ишчи кўрсатилган бўлса-да, жойига чиқиб ўрганишлар давомида яна 5 нафар норасмий ишчи меҳнат қилаётгани аниқланди. Солиқ хизмати ходимлари томонидан тадбиркорга ушбу ходимларни расмийлаштириш, қонун талабларига мувофиқ ҳисоботни қайта тақдим этиш бўйича амалий кўмак кўрсатилди.

Бу каби мисоллар солиқ органларининг фақат жазоловчи эмас, балки тадбиркорларга ҳамкор ва маслаҳатчи сифатида фаолият юритаётганини кўрсатади. Энг муҳими, бугунги ёндашув орқали қонунбузилишларни жазолашдан кўра, уларнинг олдини олишга устувор аҳамият берилмоқда.
Президентимиз белгилаб берган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ базасини кенгайтириш ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат бюджети даромадларини оширишга замин яратади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.