“Раҳбар ва ёшлар учрашуви”: тараққиёт сари муҳим қадам
Бухоро давлат педагогика институтида вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.
Тадбир аввалида меҳмонлар институт ҳудудида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, таълим сифатини оширишга хизмат қилаётган замонавий инфратузилмалар ҳамда талаба-ёшлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан танишдилар. Айниқса, институт олимлари ва ёш педагог изланувчилар томонидан мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда амалиётга жорий этилаётган илғор педагогик лойиҳалар тақдимоти катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-29140]
Учрашувда олийгоҳда илм-фан, таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш, илғор тажриба ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, ахборот-ресурс маркази фаолияти кўздан кечирилиб, ижодкор талабалар билан самимий мулоқот ўтказилди.
Учрашувнинг асосий қисми очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтди. Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этдилар. Хусусан, таълим тизимини такомиллаштириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, маънавий-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлаш каби қатор долзарб масалалар илгари сурилди.
Бундай учрашувлар ёшларнинг фикрини эшитиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Мазкур мулоқот ёшларга катта руҳий қўллаб-қувватлаш бериб, уларнинг ташаббусларини амалга оширишга янги имкониятлар эшигини очди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.