Соғлиқни сақлаш тизимидаги ишлар муҳокама қилинди
Нукусда “Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар: натижалар, муаммолар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.
Мазкур жамоатчилик эшитуви Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Қорақалпоғистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳада эришилаётган натижалар, мавжуд муаммолар ҳамда истиқболдаги устувор вазифаларни жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ҳамда соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган амалий таклифларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Мурат Қурбанов иштирокчиларга ҳудудда амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва ушбу жараёнларда жамоатчилик иштирокини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тақдимотда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий технологияларни амалиётга жорий этиш, малакали тиббиёт кадрлари билан таъминлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, соҳада эришилаётган натижалар билан бир қаторда, аҳолини сифатли ва ўз вақтида тиббий хизматлар билан таъминлаш, айрим ҳудудларда тиббиёт кадрлари етишмовчилиги, тиббий муассасаларнинг моддий-техник таъминоти, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳамда тиббий хизматлардан фойдаланиш жараёнида учраётган айрим муаммолар ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирнинг жамоатчилик муҳокамаси қисмида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, жамоатчилик фаоллари ҳамда бошқа иштирокчилар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Улар томонидан соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, тиббий хизматлар сифати ва қулайлигини ошириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Якунда соғлиқни сақлаш тизимида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланиш, аҳолининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги мурожаат ва таклифларини мунтазам ўрганиб бориш ҳамда билдирилган таклифларни тегишли ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири