Наманганда 45 миллион сўмлик сохта пуллар йўқ қилинди
Юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноий фаолият натижасида муомалага киритилиши мумкин бўлган сохта пулларнинг тарқалишининг олдини олиш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Чортоқ тумани бўлими томонидан жиноий иш доирасида ашёвий далил сифатида сақланган, умумий қиймати 45 миллион сўм бўлган сохта пуллар белгиланган тартибда йўқ қилинди.
– Сохта пулларнинг муомалага киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига моддий зарар етказиши, шунингдек, пул муомаласига бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, – дейди Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов. – Шу боис, жиноий ишлар доирасида ашёвий далил сифатида олинган сохта пулларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда сақланиши, кейинчалик эса тегишли қарор асосида йўқ қилиниши муҳим аҳамият касб этади.
Чортоқ туман Мажбурий ижро бюроси бўлими томонидан мазкур сохта пуллар белгиланган тартиб ва талабларга риоя этилган ҳолда йўқ қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.