Сирдарё соҳилидаги янги туризм чорраҳаси
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, хусусан, туризм инфратузилмасини замон талаблари асосида қайта қуриш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борадаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида, Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги “Соҳилобод” маҳалласини замонавий туризм марказига айлантириш бўйича кенг кўламли лойиҳага старт берилмоқда.
Мазкур ташаббуснинг ҳуқуқий асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида яқинда вилоят ҳокимлигида халқаро мутахассислар иштирокида муҳим муҳокама ўтказилди. Малайзиянинг тажрибали “APUDG SDN BHD” компанияси вакиллари ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исакулов иштирок этган учрашувда ҳудуднинг янги қиёфасини белгилаб берувчи мастер-режа тақдимоти намойиш этилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади нафақат ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини ошириш, балки маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини тубдан яхшилашдан иборат. Вилоят ҳокими ўринбосарининг таъкидлашича, янги барпо этиладиган инфратузилма ҳар бир оила учун манфаатли бўлиб, хизмат кўрсатиш соҳасида юзлаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Бу жараёнда инвестиция ва меҳнатни оқилона жалб қилиш, табиий муҳитни асраган ҳолда замонавий сервис тизимини йўлга қўйиш принципларига алоҳида эътибор қаратилади.

Малайзиялик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган мастер-режага кўра, Сирдарё дарёси бўйидаги бетакрор табиат манзаралари ичида экопарклар, пикник зоналари, қайиқ сайрлари учун махсус масканлар ва балиқ овлаш ҳудудлари барпо этилади. Шунингдек, сайёҳлар учун экзотик муҳит яратиш мақсадида чодирли ва ўтовли лагерлар ташкил этилиб, рекреацион хизматлар кўлами кенгайтирилади. Ҳар бир бурчак экологик жиҳатдан хавфсиз ва жозибадор масканга айлантирилиши натижасида ҳудуд нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларнинг ҳам севимли манзилига айланиши кутилмоқда.
Учрашувда малайзиялик ҳамкорлар лойиҳанинг концепцияси ва уни амалга ошириш босқичлари ҳақида батафсил маълумот берар экан, уларнинг бой тажрибаси Сирдарёнинг инвестицион жозибадорлигини кучайтиришда муҳим илҳом манбаи бўлиши қайд этилди. Соҳилободнинг келажакдаги тараққиёти вилоятнинг умумий иқтисодий ўсишида янги имкониятлар эшигини очади.
Хулоса қилганда, ушбу йирик лойиҳа натижасида Соҳилобод маҳалласи нафақат табиат гўзаллиги сақлаб қолинган дам олиш маскани, балки юқори даромад келтирувчи ва аҳоли фаровонлигини таъминловчи замонавий имкониятлар шаҳарчасига айланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири