“Шижоат ва ғайрат” совриндорлари аниқланди
Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг муросасиз финал босқичида ҳудудлардан келган энг кучли жамоалар жисмоний тайёргарлиги, мардлиги ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди.
Қизғин беллашувлар якунига кўра, Андижон вилояти Марҳамат тумани, “Алитепа” жамоаси маҳалла ёшлари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. 2-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл тумани “Наврўз” жамоасига насиб этган бўлса, 3-ўринни Хоразм вилояти Шовот тумани “Қумёб” жамоаси қўлга киритди.
Ҳарбий-спорт мусобақаси низомига мувофиқ, 1-ўринни эгаллаган жамоага 100 миллион сўм, эсдалик совғалари билан тақдирланиш асносида универсал спорт майдончаси қуриб берилиши эътироф этилди. 2-ўрин соҳиблари 75 миллион сўм ҳамда ноутбук, стрит-бол ва воркаут майдончасига эга чиқадиган бўлди. Ўз навбатида, 3-ўринни қўлга киритган жамоага 50 миллион сўм, велосипед ҳамда воркаут майдончаси қуриб берилиши бўйича сертификат билан тақдирланди.
Шунингдек, Республика финал босқичига қадар етиб келиб, муносиб иштирок этган 11 та жамоанинг ҳар бирига 30 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди.
Т.Рўзиев, ЎзА