Шаҳрисабз ироқи каштачилиги: асрлардан келаётган ҳунар дунёга юз тутмоқда
Шаҳрисабзда асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ноёб каштачилик анъаналари бугун яна халқаро майдонга чиқмоқда. Айни кунларда қадимий шаҳарда “Ироқи каштачилик” халқаро фестивали ҳамда “Ипак кашта жилоси” фестивали ва республика кўрик-танлови ўтказилмоқда. 13–15 август кунларига мўлжалланган тадбирларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 100 нафарга яқин ҳунарманд, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Россиядан 23 нафар хорижий ҳунарманд иштирок этмоқда. Бу эса Шаҳрисабз каштачилик мактаби ва миллий амалий санъат намуналарини халқаро миқёсда намойиш этиш, турли ҳунармандчилик мактаблари ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим имконият яратмоқда. Фестивалнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда каштачилик фақат кўргазма ёки анъанавий ҳунар сифатида эмас, балки миллий маданий мерос, туризм, хотин-қизлар бандлиги ва креатив иқтисодиётни бирлаштирувчи муҳим йўналиш сифатида намоён бўлмоқда.
Ҳар бир нақшда тарих бор
Шаҳрисабз ироқи каштачилик мактаби ўзининг ёрқин ранглари, ўзига хос нақшлари ва тикилиш услуби билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида каштачиликнинг ўз мактаби мавжуд. Самарқанд, Тошкент, Нурота, Жиззах, Бухоро ва Шаҳрисабз каштачилик анъаналари нақш, ранг ва композицияси билан бир-биридан фарқ қилади.
Шаҳрисабз мактабида бодомсимон гуллар кенг қўлланилиб, композицияда “чор чироқ” деб аталувчи нақш алоҳида ўрин тутади. Унинг маъноси тўрт чироқ тимсолида оилавий хотиржамлик, файзу барака каби эзгу тушунчаларни ифодалайди. Ёрқин сариқ ва қизил ранглар эса кашталарга ўзига хос жозиба бағишлайди.
Ҳунарманд Саодат Низомова учун бу санъат оддий касб эмас, оилавий мерос. У каштачиликни тўртинчи авлод вакили сифатида давом эттираётганини, қизининг эса бешинчи авлод сифатида бу ҳунарни ўрганаётганини таъкидлайди.
– Каштачилик онамнинг онаси Кумушбибидан менга мерос бўлиб қолган. Оилавий ҳунармандчилик билан шуғулланамиз. Ҳунармандчилик маркази очганмиз, бу ерда хотин-қизлар меҳнат қилмоқда, – дейди Саодат Низомова.
Унинг маҳсулотлари хорижда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Ҳунарманд 21 давлатда бўлгани, яқинда Японияда бўлиб, маҳсулотларни етказиб бериш бўйича шартнома тузганини айтди.
Айниқса, табиий ипакдан тайёрланадиган ироқи каштачилик маҳсулотларидаги ҳар бир нақшнинг ўзига хос маъноси бор. “Чаённусха”, “офтобпараз”, “бодомнусха”, “бодрингнусха” каби нақшлар асрлар давомида шаклланган бадиий тафаккурнинг ифодасидир.
Меросни сақлаш – уни замон билан уйғунлаштириш демак
Каштачиликни ривожлантиришда анъанавий меросни сақлаб қолиш билан бирга, уни замонавий дизайн билан уйғунлаштириш ҳам муҳим.
Ҳунарманд Паризод Холмуҳаммедова ҳар бир янги маҳсулотини яратишдан олдин миллий каштачилик мактабларини ўрганиши, уларнинг анъанавий нақш ва композицияларига таяниши ҳақида гапиради.
Бу ёндашув миллий ҳунармандчиликни фақат тарихий мерос сифатида сақлаб қолиш эмас, уни бугунги бозор талабларига мослаштириш имконини ҳам беради.
Фестиваль доирасида ўтказилаётган илмий-амалий анжуман ва форумларда ҳам айнан шу масалалар – анъанавий каштачиликни асраш, замонавий дизайн ва креатив индустриялар билан уйғунлаштириш, миллий маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга олиб чиқиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Кашта ортидаги катта иқтисодий имконият
Бугун миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг аҳамияти унинг иқтисодий имкониятларида ҳам яққол кўринади. Каштачилик орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, сайёҳларга миллий маҳсулотларни таклиф этиш ва экспорт ҳажмини ошириш мумкин.
Фестиваль доирасида “Ипак кашта жилоси” республика кўрик-танловининг ўтказилаётгани ҳам бу борадаги имкониятларни янада кенгайтирмоқда. Танлов “Энг яхши каштадўз”, “Энг яхши креатив маҳсулот яратган каштадўз”, “Энг моҳир ёш каштадўз”, “Ипак-кашта маҳсулотини энг кўп экспорт қилган тадбиркор”, “Энг машҳур миллий бренд яратган каштадўз” ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган энг фаол каштадўз каби номинацияларни қамраб олган.
Қашқадарё вилояти туризм соҳаси мутахассиси Дилфуза Алиеванинг таъкидлашича, фестивалдан кўзланган асосий мақсадлардан бири – вилоят миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, ҳунармандчиликни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва ҳудудга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш.
– Ироқи каштачилик қўл меҳнати маҳсули. Унда аёлларимизнинг қадимдан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган сабр-тоқати, маҳорати ва мураккаб нақшларни яратиш санъати мужассам. Фестивалнинг муҳим мақсади миллий брендимизни жаҳон бозорига олиб чиқиш ва маданий алмашинувни ривожлантиришдан иборат, – дейди у.
Шаҳрисабз – ҳунармандлар шаҳри
Фестивалнинг яна бир муҳим воқеаси Шаҳрисабз шаҳрига “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомини берувчи сертификатни топшириш маросимидир.
Мазкур мақом бўйича Бутунжаҳон ҳунармандлар Кенгаши экспертлари 2025 йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда ўрганиш ишларини олиб борган. Ўзбекистонда Бухоро, Қўқон ва Марғилон шаҳарлари бу халқаро мақомга эга.
Бу эътироф Шаҳрисабзнинг тарихий ҳунармандчилик мактабини халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан бирга, маҳаллий усталар учун янги ҳамкорлик ва бозор имкониятларини очиши, шаҳарнинг маданий-туристик салоҳиятини янада ошириши кутилмоқда.
Зеро, Шаҳрисабз қадимдан ҳунармандчилик ривожланган марказлардан бири бўлиб келган. Бугун эса унинг кўп асрлик анъаналари янги авлод қўлида давом этмоқда. Момолардан мерос бўлиб қолган каштачилик санъати замонавий дизайн, туризм ва экспорт билан уйғунлашиб, янги мазмун касб этмоқда.
Энг муҳими, ипакка қадалган ҳар бир игна зарбида нафақат нозик меҳнат, балки халқнинг тарихи, диди ва орзу-умидлари акс этмоқда. Шаҳрисабздаги бугунги фестиваллар ана шу меросни асраш, уни дунёга танитиш ва келажак авлодларга етказиш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.
[gallery-30905]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари