Турсунали Қўзиев: Истиқлол рассомлар тафаккурига эркинлик берди
Мустақилликни энг аввало мамлакатимиз ижод аҳли катта қувонч билан кутиб олган. Ижодкор учун истиқлол қандай аҳамиятга эга? Ҳурриятнинг мўйқалам соҳиби учун қадр-қиммати нималарда яққол кўзга ташланади?Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, “Дўстлик” ордени соҳиби, моҳир мусаввир ва фотоижодкор, академик, профессор, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг маслаҳатчиси Турсунали Қўзиев билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
—Сиз шўролар даври санъат мактабини ҳам, мустақиллик даври миллий уйғониш жараёнларини ҳам ичидан кузатган, уларга раҳбарлик қилган ижодкорсиз. Сизнингча, ўзбек тасвирий санъати ва рангтасвири мафкуравий "қизил қолиплар"дан қачон ва қайси асар орқали тўлиқ озод бўлди?
— Аввало, бир нарсани таъкидлашни истардим: санъатнинг мафкуравий қолиплардан озод бўлишини битта сана ёки битта асар билан белгилаб бўлмайди. Бу жамият тафаккурида юз берган улкан ўзгаришнинг бадиий ифодасидир. Мен собиқ тузум даврида, барча мафкуравий чекловларга қарамай, иқтидорларни саралаб, улардан ҳақиқий санъат намояндаларини тарбиялай олган кучли тасвирий санъат мактабида вояга етганман. Ўша даврда рассомлар академик реализмнинг рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик ва монументал санъат сирларини жуда пухта эгаллар эди. Бу ўз даври учун катта профессионал мактаб эди.
Аммо унинг иккинчи, аянчли томони ҳам бор эди. Ижодкор нимани тасвирлаши, қайси тарихий воқеага қандай баҳо бериши, қайси қаҳрамонни қандай талқин қилишигача бўлган масалалар мафкуравий «қизил чизиқлар» билан белгилаб қўйиларди. Уларнинг бироз бўлса-да четидан чиқишга уринган ижодкор кучли назорат ва тазйиққа дуч келарди.
Бу тизим қандай ишлашини ўз бошимдан ҳам кечирганман. 1972 йили Тошкент вилоятидаги «Кристалл» оромгоҳида Бутуниттифоқ ёш ижодкорларининг биринчи анжумани бўлиб ўтган эди. Шу анжуман доирасида ташкил этилган ёш рассомлар кўргазмасига «Муножотни тинглаб» номли рангтасвир асарим қўйилди.
Кўргазмани Москвадан келган машҳур санъатшунос Капустин ҳам кўрган. У асаримни кўрсатиб, совет тасвирий санъати «соғлом ва шонли йўлдан» четга чиқиб, «эски феодал давр маданиятини ифода этишга интилаётган» унсурлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини айтган эди. Бу мен учун катта сабоқ бўлган. Чунки ўша биргина муносабатнинг ўзи санъатга мафкура қандай аралашганини, ижодкор тафаккурига қандай чегаралар қўйилганини яққол кўрсатарди.

Шу билан бирга, бугун биз собиқ иттифоқ даврида ижод қилган устозларимизни фақат мафкуравий тизимнинг ижодкорлари сифатида баҳолашга ҳақли эмасмиз. Аксинча, ўша қаттиқ қолиплар ичида туриб ҳам миллий руҳни, халқимизнинг тарихий хотираси ва маънавий дунёсини асарларига сингдира олган буюк рассом ва ҳайкалтарошларимиз бор эди. Улар ўз ижоди билан миллий маданиятимизнинг бебаҳо хазинасини яратди.
Бугун уларнинг номларини эҳтиром билан ёд этиш, меросини ўрганиш ва руҳини шод этиш — янги авлод ижодкорларининг маънавий бурчи. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг марҳум санъаткорларни давлат мукофотлари билан тақдирлаб, уларнинг хизматларини муносиб эътироф этиб келаётгани жуда катта маънавий ва тарбиявий аҳамиятга эга.
Истиқлол эса, том маънода, аввало рассомнинг қўлидаги мўйқаламига эмас, унинг тафаккурига эркинлик берди. Менимча, ўзбек миллий тасвирий санъатидаги энг катта бурилиш ҳам ана шу ерда юз берди. Рассом тарихга энди ҳукмрон мафкура призмасидан эмас, балки ўз билими, дунёқараши, Ватанга муҳаббати ва миллий қадриятларга муносабатидан келиб чиқиб қараш ҳуқуқига эга бўлди. Бу эркинлик миллий тарихимизга муносабатни ҳам тубдан ўзгартирди.
Биз кечагина номини тилга олишнинг ўзи катта жасорат талаб қилган буюк аждодларимизни қайта кашф эта бошладик. Пиримқул Қодировнинг Мирзо Бобур шахсияти ва тарихий ҳақиқатини «Юлдузли тунлар» орқали халққа етказгани учун қандай тазйиқларга учраганини яхши биламиз. Истиқлол эса бундай ҳақиқатларни очиқ айтиш, уларни ўрганиш ва бадиий ифодалаш учун кенг йўл очди.
Амир Темурнинг тарихий шахсиятига холис баҳо бериш, уни буюк Соҳибқирон, давлат арбоби, бунёдкор ва Шарқ Ренессанси тараққиётига улкан ҳисса қўшган шахс сифатида халқимизга қайта танитиш имконияти пайдо бўлди. Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Аҳмад Фарғоний каби буюк сиймоларимизнинг номи ва мероси халқимизга қайтарилди.
Энг муҳими, бугун бу мерос нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли мамлакатларида тарғиб этилмоқда. Япониядан АҚШгача, Рига, Шанхай, Брюссель, Париж, Москва ва бошқа шаҳарларда буюк аждодларимизга ҳайкаллар ўрнатилмоқда. Бу эса рассом ва ҳайкалтарошларимиз олдига янги ижодий вазифаларни қўймоқда – тарихни шунчаки тасвирлаш эмас, уни чуқур ўрганиш, англаш ва миллий дунёқарашимиз асосида замонавий бадиий талқин қилиш.
Истиқлол миллий санъатимизга энг аввало ўз тарихига ўз кўзи билан қараш, ўз ҳақиқатини ўз тилида айтиш ва ўз қадриятларини эркин бадиий талқин қилиш ҳуқуқини берди. Мен учун санъат эркинлигининг энг катта мезони ҳам шу.
–Агар Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги халқимизнинг орзу-умидлари, шиддати ва тарихий эйфориясини биргина суратда ёки ранглар уйғунлигида ифодалаш керак бўлса, сиз палитрангиздан қайси рангларни устувор қилиб танлаган бўлардингиз? Мустақилликнинг рамзи сиз учун кўпроқ қайси визуал тимсолда намоён бўлади?

— Агар мендан Мустақилликни битта картинада ифодалашни сўрашса, эҳтимол, биринчи навбатда рангни эмас, ёруғликни танлаган бўлардим. Чунки Мустақиллик мен учун аввало — зиё. Қоронғи хонада дераза очилиб, инсоннинг кўзи узоқларга қарай бошлаши каби. Албатта, Ўзбекистонимизнинг ўзига хос, бетакрор ранглари бор: осмоннинг мовийлиги, табиатнинг яшиллиги, қуёшнинг олтинранг нури, она тупроқнинг илиқ туслари, Самарқанд ва Бухоро меъморчилигидаги кўк ва тилла уйғунлиги.
Лекин Мустақилликнинг асосий ранги мен учун — эркинлик ранги. Уни битта ранг билан ифодалаб бўлмайди. У туйғулар, орзулар,асрлар давомида истиқлолни армон қилган аждодларимиз тақдири, жадид боболаримизнинг тўкилган кўз ёшлари ва қони, қатағонларда қурбон бўлган инсонларнинг хотираси, бугунги авлоднинг умид ва ишончидан таркиб топган мураккаб, аммо нурли колоритдир. Мустақилликнинг визуал тимсоли ҳақида ўйлаганда эса, айтиш мумкинки, мен учун энг кучли образ — инсон.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаб келаётган инсон қадри ғояси ҳам бугунги тараққиётимизнинг энг муҳим мезонларидан бирига айланмоқда. Чунки Ватан ҳам, тарих ҳам, давлат ҳам, маданият ҳам, пировард натижада, инсон учун эмасми? Ҳатто муқаддас динимиз ва истиқлолнинг ўзи ҳам инсоннинг қадри, эркинлиги, маънавий камолоти ва бахти билан чамбарчас боғлиқ.
Менинг тасаввуримда Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси — ўз тарихини биладиган, бугунидан ғурурланадиган ва келажагига ишонч билан қарайдиган навқирон авлод, истиқлол тенгдошлари нигоҳида намоён бўлади. Шу маънода, мустақиллик йилларида санъатимизда ҳам улкан ўзгаришлар юз берганини нафақат дўстларимиз, балки тараққиётимизни холис баҳолайдиган хорижлик мутахассислар ҳам эътироф этмоқда.
Рассом сифатида айтаман: миллий колорит энди фақат ташқи безак, нақш ёки ранглар уйғунлиги эмас. У тобора миллий тафаккурга айланмоқда. Бу — жуда муҳим фарқ.

– Узоқ йиллар маданий меросни асраш, Бадиий академия ва музейлар тизимида фаолият юритдингиз. Мустамлака даврида кўплаб осори-атиқаларимиз, тарихий ёдгорликларимиз юртимиздан олиб чиқиб кетилган ёки сояда қолдирилган эди. Мустақиллик бизга тарихий хотирани қайтарди. Айтинг-чи, миллий меросимизни тиклаш жараёнида сизни энг кўп ҳайратда қолдирган тарихий воқеа ёки асар қайси бўлди?
— Бу саволга битта ёдгорлик ёки битта асарни ажратиб кўрсатиш қийин. Чунки Мустақиллик бизга биргина ёдгорликни эмас, тарихимизнинг яхлит манзарасини қайтариб берди.
Мен учун энг таъсирли жараёнлардан бири халқимизнинг буюк давлатчилик тарихи, алломалари, илм-фан, санъат ва меъморчилик анъаналарининг қайта кашф этилиши, бой маданий меросимизга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгарганидир.
Буюк Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар даврига муносабатнинг ўзгариши, Мирзо Улуғбек меросининг қайта баҳоланиши, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларимиздаги обидаларни асраш ва тиклаш ишлари — буларнинг ҳар бири миллий ўзликни англаш жараёнида улкан аҳамият касб этди.
Лекин замондошларимиз учун энг катта кашфиёт — ўз тарихимизга ўз кўзимиз билан қараш имконияти пайдо бўлди. Бугун биз тарихий меросни фақат сақлаш ҳақида эмас, уни чуқур илмий ўрганиш, рақамлаштириш, реставрация қилиш ва жаҳон илмий-маданий маконига олиб чиқиш ҳақида гапиряпмиз.
Айниқса, бугун Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий сингари буюк алломалар меросини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган илмий-маърифий масканлар, шунингдек, Шароф Рашидов, Эркин Воҳидов, Ибрат, Абдулла Авлоний номлари ва мерослари билан боғлиқ мактаб, музей ва марказларнинг ташкил этилгани тарихий хотирага муносабатнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.
Бу ерда масала фақат осори-атиқаларни намойиш қилишда эмас. Асосий мақсад улар орқали цивилизациямизни англаш. Мустақилликнинг ҳақиқий маънавий далили ҳам ана шунда.
Биз энди тарихимизни бошқаларнинг таърифи ёки талқини орқали эмас, ўз илмий мактабларимиз, ўз музейларимиз, ўз тадқиқотчиларимиз ва ўз миллий тафаккуримиз асосида ўрганиб, дунёга намоён қилаяпмиз. Бу эса миллий ўзликни англашнинг янги босқичидир.
– Бугун мустақиллик йилларида туғилиб ўсган, дунёни мутлақо бошқача кўрадиган янги авлод рассомлари, фотографлари етишиб чиқди. Аммо ҳозирги глобаллашув ва сунъий интеллект асрида миллийликни сақлаб қолиш қийинлашмоқда. Сизнингча, эркинликда улғайган ёш ижодкорлар ўз асарларида Мустақиллик берган озодликни қай даражада акс эттира оляптилар? Улар "ўзбек санъат мактаби"нинг асл илдизларини рақамли (дижитал) асрга йўқотмай олиб ўта олишяптими ёки биз миллий колоритни йўқотиш хавфи остидамизми.
— Бугунги ёш ижодкорларнинг имкониятлари биз ёш бўлган даврдаги имкониятлардан мутлақо фарқ қилади. Биз бир пайтлар дунёни китоб, журнал, кўргазма ва сафарлар орқали кашф этардик. Рассомлар, санъаткорлар, жаҳон санъати ҳақидаги китобларни таниш-билиш орқали, баъзан эса анча қийинчилик билан топардик. Айрим китобларни ҳатто кутубхоналардан ҳам топиш мушкул эди. Бугун эса бир неча сония ичида дунёнинг энг машҳур музейлари, галереялари, архивлари ва санъат асарларини кўриш, жаҳоннинг энг яхши рассомлари ижоди билан танишиш имкони бор.
Энг муҳими, сунъий интеллект ҳам ижодий жараёнга кириб келди. Мен сунъий интеллектни рассомнинг рақиби эмас, янги имконият ва янги ижодий восита сифатида кўраман. Аммо бир нарса ўзгармаслиги керак: технология образ яратиши мумкин, лекин унинг ортида турган инсоннинг қалби, хотираси, миллий дунёқараши ва ижодий масъулиятини ҳеч қандай алгоритм тўлиқ алмаштира олмайди.
Аксинча, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект даврида миллий бадиий тафаккурнинг аҳамияти янада ортади. Чунки дунёда техник имкониятлар тобора ўхшашиб бораётган бир пайтда, инсонни бошқалардан ажратиб турадиган асосий куч — унинг ўзлиги.
Шунинг учун ўзбек тасвирий санъат мактаби деганда мен фақат муайян ранглар, услублар ёки миллий нақшларни назарда тутмайман. Мен учун ўзбек тасвирий санъат мактаби бу ўзбек рассомининг дунёни қандай кўриши, тарихни қандай англаши, инсонни қандай ҳис қилиши ва ўз миллий хотирасини замонавий бадиий тилда қандай ифода эта олишидир.

Бизнинг вазифамиз ёшларга фақат технологияни эмас, тафаккурни бериш. Уларга дунёнинг энг яхши санъатини ўргатиш билан бирга, ўз халқининг тарихи, эстетикаси, фалсафаси, меъморчилиги, миниатюра санъати, мусиқасини ва маънавий меросини чуқур англашга ўргатишимиз керак. Шундагина улар жаҳон санъатига тақлид қилувчи эмас, жаҳон санъатига ўз сўзини айта оладиган ижодкорлар бўлиб етишади.
Мен мустақилликнинг ўзбек рассомига берган энг катта туҳфасини ҳам ана шу имкониятда кўраман: у энди ўз миллатининг янги тарихини шунчаки тасвирловчи эмас, унинг яратилишида иштирок этувчи субъектдир. Шунинг учун мустақилликни санъат учун фақат янги мавзулар пайдо бўлган давр эмас, балки миллий бадиий тафаккур қайта ўз эгасига қайтган давр, деб баҳолайман.
– Домла, янги авлод, сунъий интеллект ва ўзбек тасвирий санъат мактабининг келажагини қандай кўрасиз?
— Бугунги ёш рассомнинг имкониятлари биз ёш бўлган даврдаги имкониятлардан мутлақо фарқ қилади. У бир неча дақиқада дунёнинг энг йирик музейлари коллекциялари, замонавий арт-жараёнлар ва янги технологиялар билан танишиши мумкин.
Сунъий интеллект ҳам худди шундай — унинг имконияти ундан қандай ва нима мақсадда фойдаланишимизга боғлиқ. Ҳар қандай восита, ҳар қандай иш қуроли сингари, унинг қиймати ҳам ундан тўғри ва ўринли фойдаланишга бориб тақалади. Шундагина сунъий интеллект рассомнинг рақиби эмас, маълум маънода унинг дастёри, янги ижодий имкониятларини кенгайтирувчи воситага айланиши мумкин.
Бундан қарийб 200 йил аввал фотография ихтиро қилинганида ҳам «энди рассомларга эҳтиёж қолмайди, тасвирий санъат касодга учрайди», деган башоратлар бўлган. Аммо тарих бунинг аксини кўрсатди. Фотография тасвирий санъатни йўқ қилмади, аксинча, унинг олдида янги имкониятлар ва янги ижодий саволларни пайдо қилди. Сунъий интеллект билан ҳам шундай бўлиши мумкин. Кўп нарса ижодкорнинг уни қандай «эгарлай олиши», ундан қандай мақсадда ва қай даражада онгли фойдаланишига боғлиқ.
Албатта, бу янгиликнинг катта хавфлари бор. Шунинг учун инсоният, айниқса ижод аҳли ниҳоятда ҳушёр бўлиши керак. Технология инсон тафаккурини чеклайдиган ёки уни бошқарадиган қуролга айланмаслиги лозим. Технология қанчалик кучаймасин, инсоннинг ўз овози йўқолиб қолмаслиги керак. Бу, айниқса, онги ва дунёқараши ҳали шаклланиш жараёнида бўлган ёш авлод учун муҳим.
Мен ёш ижодкорларга доимо бир фикрни айтаман: замонавий бўлиш учун ўзлигингиздан воз кечишингиз шарт эмас. Аксинча, глобал дунёда инсонни бошқалардан ажратиб турадиган энг катта куч — унинг ўзлиги.
Раҳим Аҳмедов, Рўзи Чориев, Неъмат Қўзибоев сингари устозларимизнинг рангтасвиридаги тафаккур, Ўзбекистонда яшаб келаётган турли халқ ва элатларнинг амалий санъатидаги рамзийлик ҳам миллий бадиий тафаккуримизнинг беқиёс қатламларини ташкил этади. Аммо биз бу меросни шунчаки такрорлаш билан чекланиб қолмаслигими керак.
Бугунги инсон тасвирий санъат устасидан янги қараш, янги тил ва янги бадиий ечим талаб қилмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан маданият ва санъатнинг, жумладан замонавий санъатнинг энг илғор намуналарини Бухоро биенналеси каби йирик халқаро лойиҳалар орқали мамлакатимизга олиб кирилаётгани, шу билан бирга ёш рассомларимизни Венеция биенналеси каби нуфузли концептуал санъат майдонларига олиб чиқишга эътибор қаратилаётгани — бу соҳадаги давлат сиёсатининг тизимли тус олаётганини кўрсатади.

Шунинг учун мен янги авлод олдига учта асосий вазифани қўяр эдим. Биринчиси — дунёни ўрганиш ва идрок қилиш. Санъат оламидаги глобал жараёнлардан ортда қолмаслик, замонавий технология ва янги бадиий тилларни ўзлаштириш. Иккинчиси — ўзлигини ва ўз илдизларини билиш. Ўз халқининг тарихини, буюк давлат арбоблари, олим ва алломалари, авлиёлари меросини, миллий санъат мактаби, меъморчилик ва амалий санъат анъаналарини чуқур ўрганиш. Учинчиси — ўз овозига эга бўлиш. Чунки технология тасвир яратиши мумкин, лекин маънони барибир инсон беради.
Бугун миллий колоритни йўқотиб қўйишдан қўрқиб яшаш эмас, балки уни теран англаган ҳолда олдимизга янада катта — бугунги, эртанги ва ундан кейинги даврлар вазифаларини қўя билишни ўрганишимиз керак. Яъни, миллий тафаккурни янги замоннинг замонавий бадиий тилига айлантириш лозим. Шунда ўзбек санъати фақат ўзбек аудиторияси учун эмас, бутун дунё учун жозибадор бўлади. Ва, энг муҳими, бугун эшигимизни қоқиб турган креатив иқтисодиёт учун ҳам улкан имкониятлар очилади.
Менимча, XXI асрда «ўзбек тасвирий санъат мактаби» тушунчасининг энг тўғри таърифи ҳам шу бўлади: Ўзбек тасвирий санъати илдизи чуқур, тили замонавий, тафаккури умуминсоний санъатдир.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова суҳбатлашди.