Сербия Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат бозори очади
Давлатимиз раҳбарининг Сербияга ташрифи доираси миграция соҳасида меҳнат мувофиқлиги бўйича жиддий келишувга эришилди.
Европанинг ушбу давлати меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазири Милица Журжевич Стаменковски мазкур битимни тарихий, деб атади. Яъни, Сербия шу тариқа чет эл билан илк шундай келишув имзолаган.
– Ҳужжат мамлакатимизда ишлайдиган Ўзбекистон фуқароларига тизимли кафолат беради, – дейди мулозим. – Улар маҳаллий ишчилар билан мутлақ тенг ҳуқуққа эга бўлади. 2027 йилдан юртимизда энг кам ойлик маош 600 евро. Йил якунида бу кўрсаткич 650 еврога етади. Яқин йилларда Сербия йирик халқаро кўргазмага мезбонлик қилади. Демак, бизда ўзбекистонликлар каби тиришқоқ, малакали ва меҳнаткаш кадрларга талаб янада ошади. энг муҳими, келишувимиз қоғозда қолиб кетмайди. Ўзбекистон Миграция агентлиги хорижий ишчига эҳтиёжи бор маҳаллий корхоналар билан бевосита музокара ўтказяпти. Лойиҳаларни амалиётга тезроқ татбиқ этиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган. Эътиборли жиҳати, шу вақтга қадар диёримизда ишлаётган ўзбеклар томонидан ҳеч қандай қоида бузарлик қайд этилмаган. Улар қадриятларимизни чуқур ҳурмат қилади, халқларимизни меҳмондўстлик, ўзаро ҳурмат сингари умумий фазилатлар мустаҳкам боғлаб туради.
Гўзал Сатторова, ЎзА