EDA AI бўйича шикоятлар: фойдаланувчилар пули қаерга кетяпти?
Рақобат қўмитасига EDA AI мобил иловаси фаолияти бўйича истеъмолчилардан 10 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларда асосан обуна учун маблағ ечиб олиниши, хизматни бекор қилиш ва пулни қайтаришдаги қийинчиликлар, шунингдек, илова ҳақидаги реклама ва хизмат шартлари бўйича эътирозлар билдирилган.
Фойдаланувчиларнинг айтишича, айрим ҳолатларда бир ойлик обуна учун 38 минг сўм тўлашга розилик билдирилган бўлса-да, карта маълумотлари киритилгандан кейин улардан бир йиллик обуна пули ечиб олинган. Баъзи мурожаатларда эса обуна маблағи банк картасидан такроран ундирилгани айтилган.
Шунингдек, фойдаланувчилар обунани бекор қилиш ёки асоссиз ечиб олинган пулни қайтариш имконияти мавжуд эмаслигидан норози бўлган. Илова орқали хизмат кўрсатувчи билан боғланиш, мурожаатларга жавоб олиш масалаларида ҳам муаммолар қайд этилган.
Мурожаатларда илованинг ишлашидаги айрим техник хатолар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари калориясини ҳисоблашдаги ноаниқликлар ҳам тилга олинган.
Яна бир эътиборли жиҳат — реклама масаласи. Фойдаланувчилар «Иловани ҳозир юклаб олинг ва бепул синаб кўринг», «Осон озинг» каби даъватлар хизматдан фойдаланиш шартлари ҳақида тўлиқ тасаввур бермаслиги мумкинлигини билдирган.
Рақобат қўмитаси ушбу мурожаатларни ўрганиб, ҳолатларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик талаблари асосида баҳо берди.
Ўрганиш натижасида Қўмита томонидан «THINKING APPS» МЧЖга EDA AI иловасидан фойдаланишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зид бўлган ҳолатларни бартараф этиш бўйича кўрсатма юборилди.
Шунингдек, компанияга фойдаланувчилар билан муносабатларда хизмат шартларини аниқ ва тушунарли кўрсатиш, реклама ва маркетинг материалларида истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган маълумотларга йўл қўймаслик ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиш зарурлиги эслатилди.
Муҳими, Қўмитанинг бу каби ўрганишлари истеъмолчиларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолмаслиги ва рақамли хизматлардан фойдаланишда ҳам уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига қаратилган.
Нигора Раҳмонова, ЎзА