Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлиси бошланди
Бугун, 2026 йил 7 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис кун тартибига мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган қатор муҳим масалалар киритилган.

Жумладан, “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”, “Автомобиль йўллари тўғрисида”, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида” ҳамда “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилади.
Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижасида етказилган зарарни қоплаш механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамда қўриқлаш фаолиятини такомиллаштириш, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга оид қонунлар муҳокама қилинади.

Ялпи мажлис кун тартибидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунлар ҳам ўрин олган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш масаласи кўриб чиқилади.
Ялпи мажлис доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси эшитилади.
Шунингдек, Омбудсманни сайлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва мухтор элчисини тайинлаш масалалари ҳам муҳокама этилади.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА