Санъат фидойиси хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди
Куни кеча Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, аждодлар хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатиш мақсадида мамлакатимиз маданияти, санъати ва адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорлар Президентимизнинг фармонига асосан давлат мукофотлари билан тақдирланган эди.
Хусусан, Ўзбекистон халқ ҳофизи, мумтоз қўшиқчилик санъатининг ёрқин намояндаларидан бири, марҳум санъат устаси Очилхон Отахонов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.

Мазкур юксак давлат мукофоти марҳум санъаткорнинг оила аъзоларига тантанали равишда топширилди. Шу муносабат билан маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Тошкент вилояти ва Янгийўл тумани фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар О.Отахоновнинг Янгийўл тумани Озод маҳалласидаги хонадонида бўлиб, марҳум санъаткорнинг оиласи ва яқинлари билан учрашди.
Санъаткор хонадонида, яқинлар ва маҳалла аҳли даврасида халқимиз маънавий меросини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш йўлида фидокорона хизмат қилган устоз ҳофизнинг бой ижодий мероси, миллий санъатимиз тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, Очилхон Отахонов ўзбек миллий мақом санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган, мумтоз қўшиқчилик анъаналарини сақлаш ва тарғиб қилишга бутун умрини бағишлаган улуғ санъаткорлардан бири эди. У Янгийўл туманида яшаб, самарали ижод қилди ва халқ меҳрини қозонди. Унинг ижросидаги Алишер Навоий, Бобур, Муқимий, Машраб каби мумтоз шоирлар ғазаллари асосида яратилган қўшиқлар бугун ҳам миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган.
Санъаткорнинг кўплаб дурдона асарлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Олтин фонди”дан муносиб ўрин эгаллаган. Устоз ҳофизнинг “Сайқал”, “Талқин Баёт”, “Сарахбори Оромижон”, “Қаландар” каби қатор қўшиқлари миллий мусиқа ихлосмандлари томонидан севиб тингланади.
У 1959 йилдан Янгийўл театрида, 1978-1986 йиллар эса Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамблида фаолият юритди.

Тадбирдан сўнг маросим қатнашчилари Янгийўл шаҳрида ҳофиз дафн қилинган “Олтинобод” қабристонида бўлди. Марҳумлар ҳақига тиловат ва дуо қилинди. Қурбон ҳайити арафасидаги эзгу ташаббуслар туфайли мазкур қабристон, хусусан, марҳум ҳофиз қабри атрофи ободонлаштирилди.
Очилхон Отахоновнинг ёрқин хотираси, бетакрор ижоди ва халқимиз маънавиятини бойитиш йўлидаги хизматлари қалбларда абадий яшайди.
М. Мусаев, ЎзА