Сенатда бир гуруҳ маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларига давлат мукофотлари топширилди
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Фармонга мувофиқ, ўзининг кўп йиллик самарали илмий-ижодий фаолияти, ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан халқимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий маънавиятимизни бойитиш, мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантириш, асрий анъаналаримиз, бой меросимизни асраб-авайлаш ва Янги Ўзбекистонни жаҳон миқёсида тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, эзгулик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш, ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳорат ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, фарзандларимизни она юртга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимлари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Олий Мажлис Сенатида бир гуруҳ юртдошларимизга ана шу юксак давлат мукофотлари топширилди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан мукофотларни ва тегишли ҳужжатларни тантанали равишда топширди. Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт намояндаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлади.
[gallery-29694]
Бугунги мукофотлар ҳам давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ана шу юксак эътибор ва эътирофнинг амалий ифодаси экани қайд этилди. Мукофотланганлар эса давлатимиз раҳбарининг юксак ишончи ва эътибори учун самимий миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам ўз ижоди ва фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистон тараққиёти, миллий маданият ва маънавият равнақига муносиб ҳисса қўшишда давом этишларини билдирди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА