Қандли диабет: халқаро тажриба ва янги ёндашувлар
Мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, жумладан, қандли диабет билан касалланган беморларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш ва унинг оғир асоратларининг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертлари билан навбатдаги муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур мулоқот ЖССТнинг «Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда диабетни даволаш сифатини ошириш ҳамда асоратларининг олдини олиш» деб номланган халқаро лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Унда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар томонидан қандли диабет билан оғриган беморларни даволаш жараёнларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида тиббий ёрдам сифатини ошириш, даволаш самарадорлигини кучайтириш ва хавфли асоратларнинг барвақт олдини олишда илғор хорижий тажрибани қўллаш юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, бугунги кунда ушбу касалликка қарши курашишда ягона ва самарали ёндашувларни амалиётга кенг татбиқ этиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида белгилаб олинган вазифалар келгусида қандли диабетга чалинган беморлар учун кўрсатиладиган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, уларнинг ҳаёт сифатини янада яхшилаш ҳамда касалликнинг олдини олиш тизимини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА