"Pro-Тur-3" турнирида бош соврин “MAROQAND” жамоасига насиб этди
Пойтахтимизда стол тенниси бўйича жамоалар ўртасида ўтказилаётган мукофот жамғармаси 100 миллион сўмдан иборат "Pro-Тur-3" турнирининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси мажмуасида ташкил этилган турнирнинг саралаш мусобақаларида 17 та жамоа иштирок этган бўлса, уларнинг 8 таси плей-офф босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Кеча “M.G.HVANA”, “SULTONOV CLUB”, “Uzgeo Club”, “MAROQAND”, “Orient”, “KSYUSHA-KATYUSHA”, “DO‘STLIK CHEMPION”, “UNITED CLUB” жамоалари ўртасида "Pro-Tur-3"нинг ҳал қилувчи ўйинлари ташкил этилди.
Муросасиз курашлар остида кечган ўйинлар сарҳисобига кўра, Тошкентнинг “MAROQAND” жамоаси икки тизим асосидаги баҳслар натижасида ғолибликни тантана қилди ҳамда биринчи ўрин учун белгиланган махсус совринларни ҳамда 50 миллион сўмни қўлга киритди.
Турнирда 2-ўрин “M.G.HVANA” жамоасига насиб этди. Улар 25 миллион сўм билан тақдирланди. 3-ўрин учун белгиланган ҳар бири 12 миллион 500 минг сўмдан иборат соврин жамғармалари “SULTONOV CLUB” ҳамда “UZGEO CLUB” стол тенниси жамоаларига тегишли бўлди.
Т.Рўзиев,
ЎзА