Президент: ҳамма раҳбарлар учун инвестиция сифати асосий мезон бўлиши шарт
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
– Такрор айтаман, ҳар бир янги лойиҳа, ҳар бир доллар сармоя фақат ва фақат қўшилган қиймат, юқори даромадли иш ўрни ва экспортни кўпайтиришга хизмат қилиши керак. Оддий қилиб айтганда, ҳамма раҳбарлар учун инвестиция сифати асосий мезон бўлиши шарт, – деди Президентимиз.
Инвестиция лойиҳаларини ишга туширилганидан кейин мониторинг қилиш платформаси яратилган. Солиқ, божхона, бандлик, кадастр, коммунал идоралар ахборот базасига интеграция қилинган ушбу платформа корхоналар фаолиятини 39 та кўрсаткич бўйича таҳлил қилиб бермоқда.
Масалан, охирги уч йилда ишга тушган 688 та корхонадан 210 таси қувватидан тўлиқ фойдаланмаётгани аниқланган. Оқибатда 33 триллион сўмлик ишлаб чиқариш бой берилган, 23 минг иш ўрни бўш турибди.
Бу ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари фаолиятига берилган ҳақиқий баҳо экани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга 210 та корхона кесимида “йўл харитаси”ни тузиб, муаммолар ечими бўйича аниқ муддат ва масъулларни белгилаш топширилди.
Ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ушбу корхоналарга бориб, улар билан яқиндан ишлайди, қайси корхонада нима иш қилганини платформага киритади. Биринчи ярим йиллик якуни билан мазкур корхоналарни “оёққа турғазмаса”, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.
ЎзА