Ҳокимларга вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда ситуатсион-таҳлил марказларини ишга тушириш топширилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Кеча Президентимиз Мирзо Улуғбек туманида жойлашган ситуатсион-таҳлил марказида “Ақлли туман” платформаси қандай ташкил қилингани билан танишди.
Бугун барча вилоят ҳокимлари мазкур туманга ўзи бориб, янги тизим қандай ишлаётгани, маҳаллалар қиёфаси, қурилишлар қандай кетаётганини келиб кўрди.
Энди бир ҳафтада вилоят прокурорлари, ички ишлар, хавфсизлик ва солиқ идоралари раҳбарлари учун Мирзо Улуғбек тумани тажрибасини оммалаштириш бўйича семинар ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Вилоят ҳокимларига икки ойда ушбу тажриба асосида вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда худди шундай ситуатсион-таҳлил марказларини ишга тушириш топширилди.
Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботлари тингланди.
ЎзА