Параосиё ўйинлари: Улжон Амриева кумуш медалга сазовор бўлди
V Параосиё ўйинларининг бугунги дастуридан ўрин олган пара дзюдо ва пара таэквондо беллашувлари вакилларимиз учун муваффақиятли ўтмоқда.
Жумладан, пара дзюдо бўйича аёллар ўртасида J1 йўналишида 60 килограммгача вазнда иштирок этган ҳамюртимиз Улжон Амриева хитойлик Ши Ицзега қарши финалда рақобатлашди ва кутилмаганда мағлубиятга учраган ҳолда кумуш медалга сазовор бўлди. Шу вазнда бронза медаль учун ўтган беллашувда Фотима Тоҳирова Қозоғистон вакили Элнара Абдиназаровани таслим этиб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Эркаклар ўртасида J1 йўналишининг 70 килограммгача вазн тоифасида икки нафар вакилимиз Иброҳимжон Акбаров ва Қосим Сафарқулов бронза медали учун беллашди. Кескин ва муросасиз ўтган ўзбек дербисида Иброҳим полвоннинг қўли баланд келди.
Пара таэквондо беллашувларининг аёллар ўртасидаги K44 йўналиши 52 килограммгача вазн тоифасида Кароматой Рустамова бронза медали учун кечган баҳсда Индонезия вакили Риа Юлиантини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, Қизлархон Исомиддинова К44 йўналишида 47 килограммгача бўлган вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди.
Айни дамда Ўзбекистон терма жамоасининг медаллари сони 1 тадан олтин ва кумуш, 5 та бронза медалга етди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА