O‘zLiDeP депутати Шовот аҳолиси ва тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилишни талаб қилди
Мамлакатимизда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва фуқаролар мурожаатлари билан манзилли ишлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Конституциямизда ҳам фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши ҳамда хавфсиз, қулай меҳнат шароитларига эга бўлиши давлатнинг асосий мақсадларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар Хоразм вилояти Шовот тумани Роят маҳалласидаги кўча ҳамда деҳқон бозоридаги мавжуд ҳолат жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда. Маълум қилинишича, кўча ёмғирли кунларда лойга, шамолли пайтларда эса чангга ботиб, аҳоли, айниқса болалар учун жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда. Шунингдек, қурилиши якунланмаган деҳқон бозорида тадбиркорлар хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган шароитларда савдо қилишга мажбур бўлаётгани қайд этилмоқда.
Мазкур ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Мадина Баратова Хоразм вилояти ҳокими Ж. Раҳимовга депутатлик сўрови юборди. Сўровда Роят маҳалласидаги кўчада аҳоли учун муносиб шароитлар яратилмагани, деҳқон бозори фаолияти билан боғлиқ муаммолар узоқ вақт давомида ҳал этилмаётгани танқид қилинган.
Депутатлик сўровида вилоят ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида ушбу маҳаллада йўл қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари, шунингдек, бозор фойдаланишга топширилгунига қадар аҳоли ва тадбиркорлар учун муқобил жой ташкил этилмаганининг сабаблари юзасидан аниқ ва асослантирилган тушунтириш бериш сўралган.
ЎзА