Миллий ғурур ва ватанпарварлик намойиши
Буюк давлат арбоби, саркарда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳрида ўтказилган тантанали ҳарбий пиёда юриш маросими миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳининг ёрқин ифодаси бўлди.
Ҳарбий бўлинмалар саф тортиб, жасорат ва интизом намуналарини кўрсатар экан, уларнинг ҳар бир қадами гўё буюк аждодларимиз жасоратининг акс-садосидек янгради. Айниқса, юришнинг шаҳарнинг Ислом Каримов кўчасидан бошланиб, Мустақиллик майдонигача давом этгани ўтмиш ва бугуннинг узвий боғлиқлигини ифода этди.
Амир Темур байроғи ҳилпираб, унинг даврига оид қурол-аслаҳалар намойиш этилган лаҳзалар томошабинларга тарих саҳифаларини жонли тарзда ҳис этиш имконини берди. Бу эса ёш авлод қалбида аждодларга садоқат, миллатга фахр ва Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Мустақиллик майдонида ташкил этилган тантаналар эса ҳақиқий маънавий байрамга айланди. Театр саҳнасидаАмир Темур ҳаётидан лавҳалар жонланди. Фахрий қоровулнинг жозибали чиқишлари барчани ҳайратга солди. Қўл жанги усталарининг маҳорати куч ва матонат тимсоли бўлса, ҳарбий оркестр ижроси қалбларга жўшқинлик улашди.
Хушовоз хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар эса тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА