Ўзбекистондаги мактаблар сони ортиб бормоқда
Ўзбекистонда таълим инфратузилмасини кенгайтириш ва ўсиб бораётган ёш авлод учун билим масканлари тармоғини ривожлантириш чоралари ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.
Миллий статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, 2025/2026-ўқув йили бошига келиб, мамлакатимизда фаолият юритаётган умумий ўрта таълим ташкилотлари сони 11 минг 118 тага етди.
Рақамлар таҳлили шуни кўрсатадики, мактаблар тармоғи жадал суръатлар билан кенгаймоқда — мазкур кўрсаткич ўтган ўқув йилига нисбатан 175 тага кўпайган.
Бу эса ҳудудларда янги таълим муассасаларининг барпо этилиши ва ўқувчи ўринлари сонининг ошиб бораётганидан далолат беради.
Ҳудудлар кесимидаги статистик манзарага назар ташласак, мактаблар сони бўйича Самарқанд вилояти етакчилик қилмоқда. Вилоятда 1 минг 350 та муассаса фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Қашқадарё (1 294 та) ва Фарғона (1 119 та) вилоятлари ҳам таълим масканларининг кўплиги бўйича юқори кўрсаткичларга эга. Сурхондарё вилоятида мактаблар сони минглик довондан ошиб, 1 003 тани ташкил этаётган бўлса, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида 503 та умумий ўрта таълим ташкилоти ёшларга хизмат кўрсатмоқда.
Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўрсаткичлар барқарорлигини кўриш мумкин.
Ушбу ҳолат нафақат пойтахт ва йирик шаҳарларда, балки чекка туманларда ҳам сифатли таълим олиш имкониятлари кенгайиб бораётганини тасдиқлайди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА