Ўзбекистонда оилалар қанчалик бахтли?
15 май — Халқаро оила куни. Бу сана ҳар бир инсоннинг болалиги, ота-она меҳри ва оила бағрида ўтган энг илиқ хотиралари ҳақида ўйлашга ундайди. Чунки ҳаётда қандай ютуққа эришмайлик, қаерларда бўлмайлик, юрагимиз доимо болалик нафаси қолиб кетган олис-олисларга интилади. Чунки оила — жамиятнинг энг кичик, аммо энг муҳим бўғини. Бахт эса оиладан бошланади.
Хўш, Ўзбекистонда оилалар қанчалик бахтли?
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан жорий йил март–апрель ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 12 минг 697 нафар респондент иштирокида оилаларнинг бахтлилик даражаси бўйича сўров ўтказилди.
Тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда оилаларнинг бахтлилик даражаси 8 та асосий индикатор ва 21 та субиндикатор асосида комплекс индекс орқали баҳоланди. Унда иқтисодий фаровонлик, демографик барқарорлик, соғлом ҳаёт, таълим имкониятлари, бандлик, давлат хизматларидан қониқиш, оилавий қадриятлар ҳамда умумий бахт ҳисси каби йўналишлар қамраб олинди.
Натижаларга асосан, 2026 йилда Ўзбекистон оилаларининг умумий бахтлилик индекси 0,618 баллни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич методологияга кўра “юқори” даражани англатади ва сўнгги йилларда барқарор ўсиш динамикасини кўрсатмоқда.
Таъкидланишича, индекс ўтган 2023 йилда 0,560, 2025 йилда 0,611, 2026 йилда эса 0,618 баллга етган. Бу эса давлат томонидан оилани қўллаб-қувватлаш, ижтимоий сиёсатни кучайтириш ва турмуш сифатини яхшилаш борасидаги ислоҳотлар самарасини акс эттиради.
Тадқиқотлар эса бир ҳақиқатни яққол кўрсатмоқда: мамлакатимизда оила институти изчил мустаҳкамланиб бормоқда, одамларнинг ҳаёт сифати ва бахт ҳисси йилдан-йилга ошмоқда. Бу эса ҳар бир уйдаги кичик бахтлар йиғиндиси катта жамият бахтига айланиб бораётганини англатади.
Бахт — бу катта ютуқлар эмас, балки оила бағридаги тинчлик, бир дастурхон атрофидаги самимий суҳбат ва яқинлар меҳрини ҳис қилиш. Шу маънода, бахтли жамият — бахтли оилалардан бошланади, бахтли оилалар эса меҳр ва қадр билан яшайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА