Ўзбекистонда 14 та халқаро молия институтига сўмда облигация чиқаришга рухсат берилди
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги миллий валютада облигациялар чиқариш ҳуқуқига эга бўлган халқаро молия институтлари рўйхатини тасдиқлади.
Мазкур рўйхат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 февралдаги ПФ–26-сон «Уй-жой ва ипотека бозорларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган ҳамда 2025 йил 11 августда 3660-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган низом асосида шакллантирилди.
Тасдиқланган рўйхатдан 14 та халқаро молия институти ўрин олган. Улар орасида Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа йирик халқаро молия институтлари бор.
Ушбу қарор халқаро молия институтларининг мамлакат капитал бозоридаги иштирокини кенгайтириш, миллий валютадаги молиявий инструментлар бозорини ривожлантириш ва иқтисодиётга узоқ муддатли инвестицияларни жалб этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА