Иқтисодий ислоҳотлар: давлат активларини хусусийлаштириш ҳажми 55 баравар ошди
Мамлакатимизда хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрнини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида давлат активларини хусусийлаштириш жараёни янги кўлам касб этмоқда. Мустақилликнинг 35 йили мобайнида давлат мулкини бошқариш тизими такомиллаштирилиб, хусусий капитал ва инвестицияларни иқтисодиётга жалб қилиш учун зарур шароитлар яратилди.
Таъкидлаш керакки, бу жараённинг ҳуқуқий асоси сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар билан мустаҳкамланди. Жумладан, 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги, 2024 йилда эса “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.
Хусусийлаштириш соҳасидаги ўзгаришларни рақамлар ҳам яққол кўрсатмоқда. 2020 йилгача бўлган 10 йиллик даврда бу жараёндан давлат бюджетига 1,1 триллион сўм маблағ тушган. 2020-2025 йиллар оралиғида эса хусусийлаштиришдан олинган маблағлар 77,6 триллион сўмга етди. Шу билан бирга, хусусийлаштириш ҳажми 55 бараварга ошди.
Давлат иштирокидаги корхоналарни қисқартириш ҳам ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Бунда халқаро тажрибада қўлланиладиган “сот ёки тушунтир” тамойили асос қилиб олиниб, 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналар сони 61 фоизга камайтирилди.
Хусусийлаштиришнинг яна бир муҳим жиҳати - йирик активларга хусусий ва хорижий капиталнинг кириб келишидир. Масалан, “Coca-Cola Uzbekistan” 252 миллион АҚШ долларига, Ипотека банки 324 миллион АҚШ долларига сотилди. Самарқанд автомобиль заводидаги давлат улушининг 75,2 фоизи ҳам хусусийлаштирилиб, бу битимдан 80 миллион АҚШ доллари тушди. Йирик активлар бўйича амалга оширилган ушбу савдолар хусусий инвесторлар иштирокини кенгайтириш билан бирга, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзгаришлар кўчмас мулк соҳасини ҳам қамраб олган. 2026 йилда “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниб, соҳада шаффофликни ошириш ва рақамли механизмларни кенг жорий этишга йўл очилди. Хусусан, риэлторлик бозори иштирокчиларининг Ягона реестри ҳамда мулк объектларини биргаликда таклиф қилишга имкон берувчи мультиилистинг тизимини ишга тушириш белгиланган.
Янги ёндашувлар риэлторлик хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида ташкил этишга ҳам имкон беради. Бунда риэлторлик ташкилотлари кўчмас мулк битимларига кўмаклашиш ва савдоларни ташкил этишдан ташқари, ишончли бошқарув, ахборот, маслаҳат ҳамда реклама хизматларини кўрсатиши мумкин бўлади.
Ер муносабатларидаги жараёнлар ҳам хусусийлаштириш фаоллашганини кўрсатмоқда. 2022-2025 йилларда мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида аукционга чиқарилиб, реализация қилинган ер участкалари ҳажми қарийб 4 баравар кўпайди. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса 1,8 минг гектар ер участкаси реализация қилинган. Бу 2022 йилдаги бутун йиллик кўрсаткичдан сезиларли юқори натижа ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштиришга бўлган қизиқиш ҳам ортган. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан бу борада берилган мурожаатлар сони 2022 йилга нисбатан қарийб 5 бараварга кўпайган.
Давлат мулкини сотишда электрон савдоларнинг улуши ҳам тобора ошиб бормоқда. Ҳозиргача “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали қарийб 1,5 миллион объект савдога қўйилган бўлиб, уларнинг 1,2 миллиондан зиёди харидорларга сотилган.
Тадбиркорларнинг давлат активларига эга бўлиш имкониятларини кенгайтириш учун тўловларни бўлиб-бўлиб амалга ошириш, айрим ҳолатларда чегирмалардан фойдаланиш каби имкониятлар яратилди. Бундан ташқари, давлат мулкини узоқ муддатли ижарага олиб, кейинчалик уни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконини берувчи механизм ҳам жорий этилди.
Ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида ҳам асосий эътибор хусусий сектор улушини оширишга қаратилади. Режага кўра, 2030 йилгача нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги улушини 85 фоизга етказиш ва давлат иштирокидаги корхоналар сонини қарийб 6 бараварга қисқартириш кўзда тутилган.
Шу тариқа давлат активларини бошқариш тизимидаги ўзгаришлар хусусийлаштириш кўламини ошириш билан чекланмаяпти. Давлат мулкидан самарали фойдаланиш, хусусий капитал ва инвестициялар оқимини кўпайтириш, тадбиркорлар учун янги имкониятлар очиш ҳамда иқтисодиётда нодавлат сектор мавқеини кучайтиришга қаратилган комплекс жараён шаклланмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Ахборот хизмати.
ЎзА