Ўзбекистон ва Саудия Арабистони туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим келишувга эришди.
Томонлар 2026–2027 йилларда икки мамлакат ўртасидаги туристик алмашинувни кенгайтириш, янги туристик йўналишлар яратиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олди.

Мазкур масалалар Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ҳамда Ўзбекистон – Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси ва ҳаммуассиси Муҳаммад Абунаян ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.
Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги туристик алоқаларни мустаҳкамлаш, авиақатновлар сонини кўпайтириш, қўшма туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва уларни халқаро бозорларда фаол тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда Саудия Арабистонида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш сезиларли даражада ортиб бораётгани қайд этилди. Бу, аввало, мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий туристик инфратузилманинг шаклланиши ва хорижий меҳмонлар учун яратилаётган қулай шароитлар билан изоҳланади.
Музокараларда “Умра плюс” концепцияси доирасида янги туристик маршрутларни шакллантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Унга кўра, зиёрат туризми билан бир қаторда ёзги ва қишки дам олиш, экотуризм, кемпинг ҳамда ов туризмини ривожлантириш имкониятларидан кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг бетакрор табиий салоҳияти ва туристик имкониятларини халқаро меҳмонлар учун янада жозибадор йўналишга айлантириш масаласига алоҳида урғу берилди.
Муҳаммад Абунаяннинг таъкидлашича, яқин йилларда Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони бир неча баробарга ошиши мумкин. У бу борада Озарбайжон тажрибасини мисол келтириб, Ўзбекистон ҳам Яқин Шарқ туристлари учун энг жозибадор манзиллардан бирига айланиш имкониятига эга эканини қайд этди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро майдонларда кенг тарғиб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Ар-Риёд шаҳридаги машҳур булвар ҳудудида миллий павильон ташкил этиш ва мамлакатимиз иштирокини “Expo 2030 Riyadh” кўргазмасида муносиб таъминлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича «2026–2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида икки томонлама туризм оқимини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси» имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасида сайёҳлар алмашинувини кенгайтириш, янги туристик маҳсулотлар яратиш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Экспертлар фикрича, мазкур келишув нафақат туристик алоқаларнинг кенгайишига, балки инвестициявий ҳамкорлик, маданий алмашинув ва икки давлат халқлари ўртасидаги ўзаро яқинлашув жараёнларининг янада фаоллашишига ҳам хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА