Марказий Осиёдаги биринчи люкс сайёҳлик поезди лойиҳаси бўйича битим имзоланди
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон туризм индустрияси учун тарихий ва йирик қадам ташланди. Мамлакатимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Марказий Осиёдаги биринчи люкс классдаги сайёҳлик поезди – “Самарканд Экспресс” лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама ҳадли битим имзоланди.
Ушбу стратегик ҳужжатни Италиянинг машҳур “Arsenale International” компанияси бош директори Раффаел Брески, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов тантанали равишда имзолади.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлиси ҳамда Тошкент халқаро инвестиция форумида эришилган олий даражадаги келишувларнинг амалий натижаси. Лойиҳа доирасида маҳаллий темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ва мамлакатнинг бетакрор маданий меросини дунёга кенг тарғиб этиш кўзда тутилган.
Янги ҳашаматли поезд Ўзбекистоннинг қадимий ва навқирон шаҳарлари — Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани ягона темир йўл тармоғи орқали боғлайди. Бу халқаро сайёҳлар учун Буюк Ипак йўлининг тарихий йўналишлари ва бетакрор меъморчилик обидалари билан шинам, юқори сервис ва ҳашаматли муҳитда танишиш имкониятини яратади.

“Самарканд Экспресс” поезди ўзида замонавий италян дизайни ва юқори сифатли хизмат кўрсатиш анъаналарини мужассам этади. Шу билан бирга, лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири — поезд интерьери ва жиҳозларида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий ҳунармандчилик намуналари ва анъанавий нақшлари акс эттирилади. Бу эса хорижлик меҳмонларга ҳаракатланиш давомида ҳам юртимиз маданиятини чуқур ҳис қилиш имконини беради.

Шунингдек, лойиҳа доирасида юқори даражали меҳмонхона хизматларини кўрсатишга ихтисослашган маҳаллий кадрларни тайёрлаш, янги иш ўринларини яратиш ва темир йўл туризми соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, ушбу лойиҳа нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида темир йўл круизлари соҳасида янги даврни бошлаб беради ва мамлакатимизнинг глобал туризм бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлайди. Поезднинг илк рейси тез орада йўлга чиқиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА