Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Битимни (Самарқанд, 2025 йил 26 август) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур Битимда жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки уларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижро этиш мақсадида ушлаб бериш тартиби, асослари ва шартлари белгилаб берилган.

Мажлисда ушбу Битимнинг ҳуқуқий аҳамияти, иқтисодий ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишдаги ўрни, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдаги роли муҳокама қилинди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг трансмиллий жиноятчилик, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлайди. Шунингдек, миллий хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлайди.

Сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг доимий комиссиялари аъзолари, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқшунослар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган муҳокама якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА