Муҳофаза ҳудудларида биотехник тадбирлар давом эттирилмоқда
Айни дамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда биотехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон” давлат қўриқхонасида ўтхўр ҳайвонлар учун табиий озуқа мувозанатини сақлаш мақсадида туз қўйиб чиқилди. Тадбир давомида қўриқхона ҳудудидаги турли бўлимларга жами 18 тоннадан ортиқ туз тарқатилди. Қўриқхонада жами 7 та бўлим ва 10 та айланма мавжуд бўлиб, ушбу тадбирлар қўриқхонанинг барча ҳудудларида босқичма-босқич бажарилди.

Шунингдек, Жиззах вилоятидаги Зомин давлат қўриқхонаси ходимлари томонидан ёввойи ҳайвонларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида биотехник тадбир ўтказилди. Унда қалин қор туфайли табиий озуқа топишда қийналаётган ёввойи ҳайвонлар учун олдиндан белгиланган ҳудудлардаги озуқа нуқталарига қўшимча ем-хашаклар етқазилиб, жойлаштирилди.

Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикасидаги “Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ҳамда Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, Бухоро ва Хоразм вилоятидаги “Қизилқум” давлат қўриқхонасида ҳам биотехник тадбирлар олиб борилди. Ушбу муҳофаза ҳудудларида озуқа майдончалари яратилди, ем-хашак ва дон маҳсулотлари қўйиб чиқилди. Жумладан, Қуйи Амударёда Бухоро буғулари қўшимча озиқлантирилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, биотехник тадбирлар юртимиздаги барча муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда давом эттирилмоқда. Бу тадбирлар ҳайвонларни асраш, биохилма-хилликни сақлаш ва экологик мувозанатни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА