Ўзбекистон ва Иордания: Келишувлар ижроси устидан парламент назорати кучайтирилади
Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Вакиллар палатаси Раисининг биринчи ўринбосари Хамис Атиеҳ билан учрашув ўтказди.
Сенат Раиси Ўзбекистон Иорданияни Яқин Шарқдаги муҳим ва ишончли ҳамкорларидан бири сифатида қадрлашини таъкидлади. Мамлакатларимизни тарихий ва маданий алоқалар, халқларимизни эса ўзаро ҳурмат анъаналари боғлаб туради.
Иордания Қироли Абдулла II нинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлагани эътироф этилди. Ташриф давомида қабул қилинган қўшма баёнот ва имзоланган 15 та ҳужжат шерикликни мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлгани, иқтисодий алоқалар фаоллашиб, Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилгани қайд этилди.
Савдо-иқтисодий, илм-фан, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларига эътибор қаратилди. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари ҳамда Иорданиянинг сайёҳлик марказлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ўзаро туристик алмашинувни жонлантиришга хизмат қилади.

Икки мамлакат Сенатлари ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумида белгиланган келишувларни амалий ишларга айлантириш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, келишувлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Хамис Атиеҳ Иордания Ўзбекистон билан шаклланган дўстона муносабатларни юксак қадрлашини билдириб, сиёсий, иқтисодий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришда парламентлар имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Учрашувда Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Фаластин - Исроил можаросини халқаро ҳуқуқ асосида ҳал этиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Сенат Раиси мазкур масалада Ўзбекистон ва Иорданиянинг ёндашувлари яқинлигини таъкидлаб, мамлакатимиз можарони халқаро ҳуқуқ ва халқаро ҳамкорлик тамойиллари асосида ҳал этиш тарафдори эканини қайд этди.
Мулоқотда ислом цивилизацияси ва буюк алломалар меросини ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар икки мамлакат олимлари ва диний соҳа вакиллари ўртасидаги илмий алоқаларни парламентлар даражасида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Суҳбат давомида ўзаро парламент ташрифларини ташкил этиш, қўмиталар ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма «йўл харитаси» ва тегишли меморандумлар устида ишлаш таклифлари илгари сурилди. Аёл парламентарийлар ўртасидаги мулоқот ва тажриба алмашинувини кенгайтиришга урғу берилди.
Томонлар парламентлараро мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишдан ўзаро манфаатдор эканини билдирди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА