Ўзбекистон ва Ҳиндистон: маданият, илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида сиёсий ва иқтисодий муносабатлар билан бирга маданият, илм-фан ва таълим соҳаларидаги алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Тарихан икки минтақанинг маданий муштараклиги, Буюк ипак йўли орқали боғлиқлик, Бобурийлар мероси, адабиёт, санъат ва тил яқинлиги айни муносабатларга цивилизацион замин яратган. Бугунги кунда тарихий ришталар замонавий шаклда янги мазмун касб этмоқда. Жумладан, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги маданий марказлари, ҳиндшунослик таълими, стипендия дастурлари, илмий ва академик алмашинув мавжуд алоқаларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети таянч докторанти Муқаддас Ҳожимуродова ЎзАга мамлакатларимиз ўртасидаги таълим ва илмий соҳадаги ҳамкорлик ҳақида сўзлаб берди.
- Ўзбекистон – Ҳиндистон таълим ҳамкорлиги бир неча йўналишни қамраб олган. Масалан, талабалар алмашинуви, стипендия, малака ошириш, университетлар аро ҳамкорлик, ўқитувчилар малака ошириши ва қўшма таълим дастурлари алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, Ҳиндистоннинг ITEC дастури доирасида Ўзбекистон мутахассислари 1993 йилдан буён турли курсларда иштирок этиб келмоқда.
Ҳиндистон ТИВ маълумотига кўра, дастур доирасида 2400 дан кўп ўзбекистонлик мутахассис ушбу диёрнинг етакчи олийгоҳларида таълим олган. Бугунги кунда айни жараён янги мазмун касб этган. 2024-2025 йиллари юртимиздан 100 га яқин номзод ITEC дастури учун танланган. Маданий алоқалар кенгаши (ICCR) стипендия дастури ҳам ёшларимиз учун ҳинд олий таълим муассасаларида ўқиш имкониятини яратади. 2026-2027 ўқув йили учун ICCR дастурлари бакалавриат, магистратура ва PhD даражаларидаги турли йўналишларни қамраб олади.
ICCR маълумотида республикамиз учун 12 стипендия ўрни ажратилгани кўрсатилган. Бундай дастурларнинг аҳамияти фақат таълим олиш билан чекланмайди. Ҳиндистонда таҳсил олган ёшлар келгуси илмий, маданий ва касбий алмашинув ривожига хизмат қилади.

М.Ҳожимуродованинг сўзларига кўра, ҳамкор давлатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан мамлакатнинг 15 олий ўқув юртида Ҳиндистон тадқиқотлар маркази – “India Study Centres” ташкил этилди. Шунингдек, ICCR томонидан Самарқанд давлат университетида иқтисодиёт, ТДШУда ҳинд тили бўйича қисқа муддатли “Chair” дастури йўлга қўйилган. Айрим марказлар компьютер, китоб, мусиқа асбоблари ва миллий анъанавий либослар билан таъминланган.
2023 йил январда Фужининг Нади шаҳрида бўлиб ўтган XII Жаҳон Ҳинд тили конференциясида ўзбекистонлик тўрт олим иштирок этиб, ТДШУ профессори Нилуфар Хўжаева ушбу мамлакат ТИВ томонидан “Vishwa Hindi Samman” мукофоти билан тақдирлангани алоҳида эътиборга молик.
ТДШУ ҳинд тили бўйича профессор-ўқитувчилари мунтазам равишда конференция ва малака ошириш курсларида қатнашиб келади. Шунингдек, ўзбек адабиёти ва халқ оғзаки ижоди намуналарини ҳинд тилига таржима қилиш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Қайд этиш жоиз, университетда Ҳиндистонга бағишланган илмий тадқиқот нафақат тарих ва тил, балки замонавий маданий-ижтимоий жараённи ҳам қамраб олади. Бундай тадбирлар ҳиндшунослик илми анъанавий мавзулардан замонавий минтақавий тадқиқотгача кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Ўзаро маданий алоқаларни амалга оширишда диаспора ва инсонлар аро муносабатлар ҳам муҳим. 2025 йил 23 июль куни Тошкентда ўтган илк Консуллик мулоқотида виза бериш жараёни, консуллик ҳамкорлиги, ҳар икки мамлакатдаги талабалар, тиббий туристлар ҳамда сайёҳлар хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги маълумотга кўра, Ўзбекистондаги ҳинд диаспораси тахминан 21 000 кишини ташкил этмоқда. Уларнинг 16 300 нафари талаба, ишчи ва бизнес мутахассислари 4700 киши.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги инвестицияси фармацевтика, соғлиқни сақлаш, турар-жой бинолари қуриш билан бирга таълим соҳасини ҳам қамраб олган. Юртимизда пойтахтимиздаги Амити, Андижондаги Шарда, Жиззахдаги Самбрам, Бухородаги Ачария университетлари фаолият юритмоқда.
Маданиятлар аро мулоқотнинг энг муҳим воситаларидан бири тилдир. Тилни ўрганиш инсонга нафақат мулоқот қилиш, балки муайян халқнинг тарихи, адабиёти, урф-одат ва қадриятларини англаш имконини беради. Диёримизда ҳинди ва санскрит тилларини ўрганиш шу жиҳатдан алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараёндаги асосий илмий таълим марказлардан бири ТДШУ ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳинд маданияти Ўзбекистондаги маданий дипломатиянинг муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда. Бутун дунё тан олган бу маданият жамиятимизда ҳам ўзига хос ўринга эга. Айниқса ҳинд киноси, мусиқаси ва актёрлари минтақада жуда машҳур. 2024 йил декабрда Раж Капур таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Тошкентда беш кунлик Ҳинд киноси ҳафталиги ташкил этилди. Шунингдек, ёшларимиз учун мазкур ҳамкор давлат маданиятини бевосита ўрганиш, ҳинд тили билан танишиш ва ҳинд жамияти ҳақида билим олиш имконини яратувчи Тошкентдаги Лал Баҳодур Шастри номли Ҳинд маданияти маркази 1995 йилдан бери иш олиб боради. Марказда катхак рақси, йога, табла, ҳинди тили, маъруза, семинар, кўргазма ва кино намойишлари мунтазам ўтказилади.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатларининг маданий, таълим ва илмий йўналишлари шерикликнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминловчи муҳим стратегик ресурсдир. Юқорида айтиб ўтилганидек, тарихий-маданий муштараклик айни муносабатларга мустаҳкам пойдевор яратган. Замонавий таълим, илм-фан ва маданий дипломатия эса ушбу тарихий яқинликни келажакка йўналтирилган ҳамкорликка айлантирмоқда.
Фикримизча, бугунги вазифа тарихий яқинликни фақат хотира сифатида сақлаш эмас, балки янги билим, илмий тадқиқот ва маданий мулоқот шаклига айлантиришдир. Зеро, Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатларининг энг барқарор пойдевори – инсонлар, олимлар, талабалар, ижодкорлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотдир.
Гўзал Сатторова, ЎзА