Ерларнинг агрокимёвий таҳлили – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим омил
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлаб қолишда ер майдонларининг агрокимёвий ҳолатини мунтазам ўрганиб бориш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бу борада Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг Агрокимё ва тупроқ таҳлили маркази томонидан салмоқли ишлар амалга оширилаётган бўлиб, ҳар йили ўртача 700–800 минг гектар суғориладиган ер майдонлари агрокимёвий таҳлилдан ўтказилмоқда. Олинган хулосалар асосида эса ердан фойдаланувчиларга зарур агрокимёвий хаританомалар ишлаб чиқилмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2021–2026 йилларда республика миқёсида 3,3 миллион гектар экин майдонлари агрокимёвий таҳлил қилиниб, шундан 2,8 миллион гектар майдоннинг электрон агрокимёвий хаританомалари яратилган. Шу билан бирга, мазкур давр мобайнида 6 708 та минерал ўғит намунаси лаборатор таҳлилдан ўтказилган. Таҳлиллар жараёнида 156 та намуна стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланиб, натижада 1 837 тонна сифатсиз минерал ўғитнинг далага киритилишининг олди олинган.
Бироқ олиб борилган таҳлиллар натижалари тупроқнинг ҳолати жиддий эътиборни талаб қилишини кўрсатмоқда. Хусусан, таҳлил қилинган тупроқларнинг 77,4 фоизида ҳаракатчан фосфор, 65,4 фоизида алмашинувчан калий ва 72,7 фоизида гумус миқдори ўртачадан паст даражада экани қайд этилган. Бундай салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига асосан минерал ўғитларни тупроқнинг агрокимёвий ҳолатини ҳисобга олмасдан қўллаш ҳамда илмий асосланган меъёрларга риоя қилмаслик каби сабаблар туртки бўлмоқда.
Юзага келган муаммоларни бартараф этиш ва тупроқ унумдорлигини тиклаш учун бир қатор кечиктириб бўлмас чораларни кўриш талаб этилади. Хусусан, минерал ўғитларни фақат белгиланган меъёрларда қўллаш, пестицид ҳамда бошқа кимёвий воситалардан мутахассис тавсияси асосида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Шу қатори, тупроқ-иқлим шароити ва экин эҳтиёжини ҳисобга олиш, органик ўғитлар, компост ва сидерастлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, экинлар билан олиб чиқиб кетилаётган озуқа элементларини тупроққа қайта тўлдириб бориш муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, минерал ўғитлар сифатини қатъий назорат қилиш ҳамда тупроқ ва ўсимлик маҳсулотларида пестицид, нитрат ҳамда оғир металл қолдиқларини мунтазам кузатиб бориш зарур.
Моҳигул Қосимова, ЎзА