Ўзбекистон ва Грузия табиий шарбатлар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилади
Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижий компаниялар билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим.
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Грузиянинг “Georgia’s Natural” компанияси бош директори Владимир Гугушвили билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистонда мева ва резаворларни қайта ишлаш, табиий ва органик шарбатлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ушбу йўналишга хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди, дейилади Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотида.
Томонлар озиқ-овқат саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиб, бунда мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги салоҳияти ва ички бозор имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди.
Бундай ташаббуслар мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги хомашёсининг қўшилган қийматини ошириш учун янги имкониятлар яратади.
Учрашув якунида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА